Бокс бўйича Қозоғистон терма жамоаси аъзоси, икки карра жаҳон чемпиони Сакен Бибосинов машғулот жараёнида жиддий жароҳат олиб, шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда Sports.kz нашри журналист Аслан Каженовга таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, 29 ёшли боксчининг умуртқа поғонаси шикастланган. Шу сабабли у 29 октябрь куни Тараз шаҳрида старт оладиган Қозоғистон чемпионатида иштирок эта олмайди.
Ҳозирча жароҳатнинг оғирлик даражаси ва спортчининг рингга қачон қайтиши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Бибосинов Токио-2020 Олимпиадасининг бронза медали соҳиби ҳисобланади. У 2025 йил декабрда IBA жаҳон чемпионати финалида россиялик Вячеслав Рогозинни мағлуб этиб, фаолиятида иккинчи бор жаҳон чемпионига айланган эди.