9 август куни тушдан сўнг Россиянинг «Яндекс» компаниясининг Қозоғистондаги домени — yandex.kz мамлакатда вақтинча ўз фаолиятини тўхтатди. Tengrinews.kz нашрининг маълум қилишича, компания хизматларидан фойдаланишда муаммолар Остона, Олмаота, Қарағанда, Чимкент ва бошқа шаҳарларда кузатилган.
Рақамли ривожланиш вазирлигининг тушунтиришича, «Интернет-ресурсни Қозоғистон Республикаси ҳудудидан ташқарида аппарат ва дастурий таъминот тизимларига жойлаштиргани учун» домен фаолияти тўхтатилган.
Вазирлик, шунингдек, маълумотларни қайта ишлаш марказларининг жойлашуви, Қозоғистон фуқароларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш чоралари, «ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва махсус идоралар билан қандай ҳамкорлик қилиш кераклиги» ҳақида «батафсил маълумот» олиш учун «Яндекс» билан боғланганини билдирди.
Шунингдек, вазирлик «Яндекс.Такси» хизмати фойдаланувчиларнинг Россиядан ташқаридаги сафарлари ҳақидаги маълумотларга Россия махсус хизматларининг кириши ҳақидаги маълумотларни рад этади.
«Яндекс» кейинроқ РБКга yandex.kz домени «маҳаллий регистратор томонидан узиб қўйилганини» тасдиқлади. Компания Қозоғистонда «ойлик аудиторияси тахминан 10 млн кишини ташкил этувчи» хизматларнинг мавжудлигини тиклаш устида иш олиб бораётганини айтди.
Кейинроқ компания сайт ва хизматлар одатдагидек ишлаётганини маълум қилди. «Биз Қозоғистон Республикаси қонунчилиги талаблари доирасида зарур ечимларни ишлаб чиқиш мақсадида регулятор билан мулоқотни давом эттирмоқдамиз», — дейилади компания матбуот хизмати хабарида.