Президентимизнинг ўтган йил 18 майдаги Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида ги қарори билан 2019 йил 1 январдан бошлаб, савдо шаҳобчалари орқали полимер плёнкали пакетларни бепул бериш таъқиқланган. Уларнинг нархини мамлакатимиз ҳудудида сотиладиган товарлар нархига қўшиш, шунингдек, ўз таннархидан паст нархларда сотиш, қалинлиги 40 микрондан кам бўлган полимер плёнкали пакетларни ишлаб чиқариш ҳам маън этилган. Хўш атроф-муҳит софлигини асраш, қора пакет ларнинг тарқалишини назоратга олишга йўналтирилган мазкур қарор ижросини таъминлаш борасида жойлардаги вазият қандай?
Бозорларда полимер пакетлардан бемалол ва очиқчасига фойдаланиляпти, дейди пойтахтимизнинг Яшнабод туманида истиқомат қиладиган Гулзода Ортиқова. Масалан, Қўйлиқ буюм бозорида ёймачилар ҳам, расмий пештахталарда савдо қиладиган сотувчилар ҳам полимер пакетларни ҳаридорларга бепул беришади. Бозорларда нимаики харид қилманг бу хоҳ нон маҳсулотлари, кийим кечак, қурилиш моллари, маиший товарлар бўлсин сотувчи дарров уни универсал қора пакетга ўраб беради. Пакетлар савдоси ҳам бозорларнинг ўзида йўлга қўйилган. Пакетфурушлар маҳсулотни қаердан олишаётганини билмадим. Чунки бундай товарларни ички бозор учун ишлаб чиқариш таъқиқланганидан хабарим бор. Балки баъзи корхоналар қоидани бузган ҳолда ишлаб чиқаришни давом эттираётгандир.
Дарҳақиқат, юқоридаги қарор кучга кирганидан сўнг ҳам қора пакетлар савдоси мамлакатимиз ҳудудларида жиддий чеклананаётгани йўқ. Бунга ҳар қандай бозор ҳудудида гувоҳ бўлишингиз мумкин. Таъқиққа фақат йирик савдо марказларидагина амал қилинаяпти. Масалан, Яшнабод туманидаги Compass савдо-кўнгилочар маркази товарлари целлофан пакетларга ўраб берилганида ҳарид чекида пакет нархи алоҳида кўрсатиб ўтилади.
Таъқиқ кучга киргунга қадар савдо марказимиз логотипи туширилган целлофан пакетлардан фойдаланиб келганмиз. Пакетлар ҳаридорларга бепул берилган, дейди марказ ходими Севара Турғунова. Жорий йил 1 январдан бошлаб эса уларнинг нархи 100 сўмдан белгиланиб, харид чекидаги товарлар рўйхатига алоҳида ном билан қўшилмоқда. Аммо тез орада бундан ҳам воз кечамиз. Табиатга зарар етказмайдиган, марказимиз логотипи туширилган қоғоз пакетлардан фойдаланишни режалаштиряпмиз. Шундан сўнг, ҳарид рўйхатига пакет нархи қўшилмайди.
Бу каби ташаббусларни республикамизда фаолият юритаётган барча йирик савдо марказларида кузатиш мумкин. Куни кеча яна бозордан амалга оширган ҳаридимиз жараёнида деярли барча сотувчилар, мева-сабзавот, гўшт ва бошқа маҳсулотлар расталарида қора пакетлар бепул берилаётганига гувоҳ бўлдик. Аммо бозорлар, кичик савдо шаҳобчаларида қачон қоидага амал қилина бошланиши номаълумлигича қолмоқда. Шу ўринда, мазкур ҳолатлар мамлакатимиз Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2003 йил 13 февралда тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари нинг ҳам бузилиши ҳисобланиб, сотувчи, тадбиркор, мансабдор шахслар тегишли равишда жавобгарликка тортилиши лозимлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Бундан ташқари, Президентимизнинг юқоридаги қарори ижросини назорат қилиш қатор мансабдор шахслар ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси зиммасига юклатилган. Ўйлаймизки, тез орада масъул шахслар қарор ижросини таъминлаш бўйича тегишли чораларни амалга оширади.
Улуғбек ИБОДИНОВ