Қарорга минерал ўғитларнинг стратегик захирасини яратиш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини юқори даражада сақлаш зарурати сабаб бўлди.
Қирғизистон Республикаси Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлиги мамлакатдан минерал ўғитларни ЕОИИ божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишни вақтинчалик тақиқлаш тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди.
Қирғизистоннинг минерал ўғитларга йиллик эҳтиёжи 286,7 минг тоннани ташкил қилади. Мамлакатда минерал ўғитлар ишлаб чиқаришнинг ўзи йўқ, уларнинг йиллик таъминоти умумий эҳтиёжнинг 45-55% ни ташкил қилади. Асосий етказиб берувчи Ўзбекистон бўлиб, ундан йилига 100 минг тонна, шундан 60 минг тоннаси баҳор-ёзги иш мавсумига, 40 минг тоннаси куз-қиш мавсумига етказиб берилади. Айни пайтда, ҳақиқатда, мамлакатнинг жанубий вилоятларида баҳорги дала ишлари бошланар экан, бошқа мамлакатларга реэкспорт қилиниши натижасида ўғит етишмовчилиги юзага келган.
“Маҳаллий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун мавжуд ўғитларнинг етишмаслиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг рақобатбардошлигининг пасайишига, озиқ-овқат хавфсизлигининг ёмонлашишига ва импорт таъминотига қарамликнинг кучайишига олиб келиши мумкин. Минерал ўғитлар экспортини тақиқлашнинг жорий этилиши миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, маҳаллий қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва агросаноат мажмуасининг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган стратегик муҳим қарордир”, – дея тушунтирди вазирлик.