Бугун 26 апрель, 2024 йил, жума

O'ZB

Қашқадарёдаги гўзаллик салонидан 29 ёшли жувоннинг жасади топилди: фожианинг сабаби нима?

Қашқадарёдаги гўзаллик салонидан 29 ёшли жувоннинг жасади топилди: фожианинг сабаби нима?

«Дарё»га йўлланган галдаги мурожаатларнинг бири фарзанд доғида куяётган онаизордан. Онаизорнинг маълум қилишича, 29 ёшли қизи жорий йил 3 апрель куни «Янги Жейнов» МФЙ ҳудудидаги эски бинода жойлашган гўзаллик салонидан осилган ҳолда топилган. Мурожаатчи қизининг ўлимида туман ИИБ терговчиси, бино эгалари ва профилактика инспекторининг иштироки борлигини, улар қизини ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказганини айтмоқда.

Воқеа тафсилотларини ўрганиш мақсадида «Дарё» мухбири Миришкор туманининг «Янги Жейнов» маҳалласида бўлди.

— Ҳаммаси ўша ўғрилик содир этилган пайти ИИБ ходимларига мурожаат қилишимиздан бошланди, — дейди марҳума Ш.Р.нинг онаси М.Ж. – 2018 йил 15 октябрь куни салонимиздан 300 АҚШ доллари миқдорида пул ўғирланди. Шунда ҳудудимиздаги профилактика инспектори М.Қ.га мурожаат қилдик. Воқеани айтиб, шубҳадаги кишилар ҳақида билдирдик. Шунда ИИБ ходимлари «Дилдора бўлса керак», дея тахмин қилиб, туман маркази ва Қарши шаҳрига телефон қилишди. Аниқланишича, Дилдора ва Гўзал исмли қизлар пулни олиб Қарши шаҳрига кетган экан. ИИБ ходимлари машина топишим кераклигини айтиб, Қарши шаҳрига бориб, пулни ҳозироқ қайтариб олишимиз лозимлигини, йўқса улар пулни сарфлаб юборишларини билдирди.

Аниқланишича, марҳума Ш.Р. онаси билан бирга маҳалладаги эски биноларнинг бирида ижарада туриб, гўзаллик салонида иш юритган.

Онанинг айтишича, 15 октябрь куни улар пул ўғрилари кетидан тушганда профилактика инспектори М.Қ.га ИИБ терговчиси З.А. ҳам ҳамроҳлик қилган. Пул ўғрилари Қарши шаҳридан топилгач, 100 АҚШ доллари қайтариб олинган. Қолган пуллар эса сарфлаб бўлингани боис қайтарилмаган.

Хуллас, ИИБ ходимлари, жумладан З.А. воқеани батафсил ўрганишлари лозимлини айтиб, жабрланувчи М.Ж.дан ариза олади. Ва аризага доимий боғланишлари мумкин бўлган телефон рақамларини қолдиришини сўрайди. М.Ж.нинг гапига кўра, мазкур ўғрилик иши билан бошқа терговчи шуғулланса-да, терговчи З.А. ўша куни ёзиб берилган телефон рақамларига ҳар хил баҳоналар билан қўнғироқ қилиб, турмушидан ажралган қизи билан яқиндан танишишга ҳаракат қилган. Ва уддасидан чиққан.

— Ходимнинг дили қоралигини қаердан билибман, доимий ишлаб турадиган номер беринг дейишса, ўзим ва қизимнинг телефон рақамини қолдирибман-да, — дея воқеани эслайди М.Ж. – Ўшандан сўнг, З.А. қизимга телефон қилиб, унинг бошини айлантириб юрган экан. Қизимни йўлдан урган. Аксига олиб 2019 йилнинг январь ойидан эътиборан мен ҳам ишга чиқолмадим. Даволанишда бўлдим.

Маълум бўлишича, ўша ўғрилик баҳонасида марҳума Ш.Р.нинг телефон рақамини олган ИИБ ходими З.А. Ш.Р. билан яқиндан танишиб, доимий телефонлашиб турган. Ҳатто тез-тез кўришган. Ўрталарида илиқ муносабат уйғонган. Буни марҳуманинг телефонидаги SMS хабарномалардан ҳам билиш мумкин.

М.Ж.нинг ҳикоя қилишича, 2019 йил 1 апрель куни навбатдаги учрашувларнинг бирида Ш.Р. ҳамда З.А.ларни бино эгаси Ш.Г. икки қизи ва куёви билан салондан чиқариб олиб, сенларни биз видеога олдик, интернетга чиқарамиз дея қўрқитган. Дўқ қилган. Ш.Р.ни «З.А. мени мажбурлади», деб тушунтириш хати ёзиб берасан дея мажбурлашган. Тушутириш хати ёздирган ҳам. З.А.дан эса 10 миллион сўм пул талаб қилган.

Ушбу воқеа ҳақида маҳалла профилактика инспектори М.Қ. шундай дейди: «1 апрель куни Ш.Г. телефон қилиб, тез етиб келинг, бир терговчини ушладик деди. Борсам бир йигит 5–6 киши турган жойни телефонига съёмка қилаётган экан. Нима гап деб сўрадим. Шунда Ш.Г. «булар бу ерни харом қилишди», деди. Нима қилибди деб сўрадим. Воқеанинг съёмкаси бор, тилхатлари ҳам деди. Шунда Ш.Р.дан сўрадим. Шу гап ростми деб. Ш.Р. З.А.га кетинг деб айтганини, ҳатто бир тарсаки туширса-да З.А. кетмаганини айтди. Шунда ҳаммани тарқатиб, жамоатни тинчлантириб, айбдор З.А.ни хонамга олиб келдим».

«Дарё» мухбирига тақдим этилган Ш.Г. ва марҳуманинг отаси З.К. ўртасидаги суҳбат ёзиб олинган аудиоёзувдан англашилишича, Ш.Г. терговчидан амакиваччасидаги 10 миллион сўм пулини олиб беришни сўраган. Терговчи эса бир соатда олиб беришини айтган.

Маҳалла профилактика инспектори М.Қ. Ш.Г. ва унинг яқинлари З.А.дан пул талаб қилганини билмаслигини, аммо З.А. терговчи бўлгани боис Ш.Г. ундан танишидаги катта миқдордаги пулини олиб беришини сўраганидан хабари борлигини айтди.

Маҳалла профилактика инспектори М.Қ.нинг маълумот беришича, у воқеа ҳақида туман ИИБга хабар берган ва терговчи З.А.га раҳбариятга бу ҳақда ўзи ҳам айтиши кераклигини билдирган. З.А. эса бу ҳақда биринчи ўринбосарга хабар қилишини айтиб, профилактика инспектори хонасидан кетган. Ш.Р.нинг оиласи, ота-онаси эса бу воқеадан бехабар қолган.

— Ҳақиқатдан ҳам ушбу воқеа ҳақида Ш.Р.нинг оиласига хабар бермадим, айбим шу, — дейди М.Қ.

Туман ИИБ бошлиғи ўринбосари воқеадан хабар топгач, 3 апрель куни маҳаллага бориб, воқеа гувоҳларини чақириб улар билан суҳбатлашган, Ш.Р. ҳамда З.А.лар съёмка қилинган видеони ҳам интернетга чиқиб кетмаслиги учун улардан олиб қўйган.

Марҳума Ш.Р. яқинларининг Ш.Г.га таяниб айтишича, ИИБ бошлиғи ўринбосари воқеа гувоҳлари билан бирга Ш.Р.ни ҳам чақирган. Аммо Ш.Р. «у ерга боргандан кўра, ўзимни ўлдираман», деган гапни айтган. Маҳалла профилактика инспектори М.Қ. ҳам ўша куни Ш.Р. чақирилганда, терговчи З.А. воқеага аралашиб, Ш.Р.ни чақирмасликларини сўраганини айтмоқда. Ш.Р. чақирилган жойга бормагач, ИИБ бошлиғи ўринбосари инспекторга Ш.Р.ни эртаси куни туманга олиб боришини тайинлаган.

1 апрель куни Ш.Р. ҳамда туман ИИБ терговчиси З.А. ўртасида қандай воқеа юз бергани, съёмка қилинган видеода ҳам нима борлиги бизга қоронғи. Аммо марҳуманинг телефонидан З.А.га ёзилган SMS’лардан маълум бўлишича, рўй берган воқеадан сўнг марҳума Ш.Р. З.А.га уни бу гап-сўзлардан қутқариши лозимлигини айтиб, олиб кетишини сўраган. Ўша куни вақтида кетиши кераклигини айтганда, гапига қулоқ солмагани оқибатида юзи шувут бўлганини ёзган. З.А. эса сабр қилиши кераклигини такрорлаган. Ш.Р.нинг бир неча маротаба бу гап-сўзлардан халос этмаса, ўзини ўлдириши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришларига жавобан «18 ёшли қизнинг гапини гапирма» дея жавоб берган. Марҳума томонидан охирги огоҳлантириш «смс»и 3 апрель куни 10:23 да юборилган.

Маҳалла профилактика инспектори М.Қ. Ш.Р. салон эшигига осилган ҳолда кечки пайт топилганини айтмоқда.

Ш.Р.нинг отаси З.К.нинг тахминича, қизи ўлдирилган бўлиши ҳам мумкин.

— Қизим осилган ҳолда топилганда, оёғи тагидаги стул ағанамаган экан, — дейди З.К. – Қолаверса у осилган эшик 2 метр ҳам чиқмайди. Қизимнинг бўйи мени бўйим билан баробар эди.

Журналистик суриштирувларимиз давомида марҳума осилган эшик бўйи 1 метр 98 сантиметр эканлиги маълум бўлди. Оёғи тагидаги стул эса 43 сантиметр баландликда эканлиги ойдинлашди. Суд тиббий экспертиза маълумотларига кўра, марҳуманинг бўйи 1 метр 63 сантиметр бўлган. Суд экспертиза хулосасида марҳумага нисбатан куч ишлатилмаган деган хулоса берилган.

Мазкур иш билан шуғулланаётган адвокат Рустам Саъдуллаевнинг фикрича, 1 апрель куни содир этилган воқеадан сўнг бино эгаси Ш.Г. ва унинг яқинлари Ш.Р.нинг шахсий ҳаётига аралашиб, «сени биз видеога олдик», дея қўрқитиб, уни ўз йўриғига солишга, ўзларига тобе қилишга ҳаракат қилган. Профилактика инспектори М.Қ. эса Ш.Р.га «сени хулқи бузуқ аёллар сафига киритаман», дея босим ўтказган. Шунингдек, воқеа ҳақида уйдагиларига хабар бермасдан Ш.Р.дан воқеа хусусида тушунтириш хати ёзиб беришни талаб қилган.

— Мазкур воқеа 2019 йил 3 апрель куни содир этилган бўлса-да, туман прокуратураси томонидан 2 май куни ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 103-моддаси (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган, — дейди адвокат Рустам Саъдуллаев. – 103-модда билан жиноят иши очилгани яхши, аммо бу жиноят иши ҳолат юзасидан очилган-да. Бирор бир шахсга нисбатан эмас. Бундай ҳолатда бу модда билан ҳеч кимни жавобгарликка тортмасдан ишни ёпиб юбориш ҳам мумкин. Одатда бу модда билан ҳолат юзасидан жиноят иши очилгач, иш икки ой муддат ўтгач, ёпилиши тайин. Биз прокуратурадан ушбу воқеага даҳлдор кишилар ИИБ терговчиси З.А., профилактика инспектори М.Қ. ҳамда ўзгалар ҳаётига аралашган Ш.Г. ва яқинларининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилишини сўрагандик.

Рустам Саъдуллаевга кўра, жорий йил туманда ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жинояти 3-маротаба кузатилмоқда. Адвокат туман прокуратураси республикага юбораётган ҳисоботларида 103-модда кўпайиб кетмаслиги учун, мазкур ишни ўз жонига қасд қилиш деб баҳолаб ёпиб юборишидан чўчимоқда.

— Терговчи Шоҳрух Нажимовга 2 маротаба адвокатлик сўровномаси юбордим, — дейди Рустам Саъдуллаев. – Аммо ҳар икки сўровномам ҳам жавобсиз қолди. На рад этди, на қаноатлантирди. Ш.Г. ва яқинлари Ш.Р. ва З.А.ни видеога олган бўлса, ўша видео билан танишишни ҳам сўрадим. Аммо адвокатлик сўровларим жавобсиз қолмоқда.

Рустам Саъдуллаевнинг қўшимча қилишича, туман прокуратураси томонидан 2 май куни жиноят иши очилса-да, ҳалигача ишга алоқадор ҳеч ким тергов қилинмаган.

— Бу ўз ўзидан ишни бир томонлама, ғаразли мақсадда судраб, тергов ҳаракатлари учун берилган муддат тугагач, ёпиш мақсад қилинганидан дарак беради, — дейди адвокат.

Мазкур ишни тергов қилаётган туман прокуратураси терговчиси Шоҳрух Нажимов «Дарё» мухбири билан суҳбатда адвокатнинг гапини тамоман рад этиб, тергов ҳаракатлари давом этаётганини, мазкур ишга алоқадор кишилар тергов қилинаётганини айтди. Тергов сири ошкор қилинмаслигини, шу боисдан ҳам бундан бошқа маълумот тақдим этолмаслигини билдирди.

Онаизор М.Ж. қизининг вафотига 2 ой муддат бўлган бўлса-да, тайинли натижа чиқмаётганидан шикоят қиляпти. Халқ қабулхонаси, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура, вилоят ва туман ҳокимликларига қилаётган мурожаатлари эътиборсиз қолаётгани ва бу иш эътибордан четда қолиб кетаётганидан куюнмоқда.

— Бу ишга туман ИИБ терговчиси ҳам аралашгани учун воқеани ёпди-ёпди қилишмоқчимикин деб ўйлаб қоламан, — дейди М.Ж.

Мазкур мурожаат ҳақида хабар топганимиздан сўнг, 27 май куни Қашқадарё вилоят ИИБ ва вилоят прокуратурасига мурожаат қилиб, ушбу воқеа хусусида суриштирдик. Аниқланган ҳолат ҳақида маълум қилишларини сўрадик. Вилоят ИИБ ҳолат ҳақида профилактика инспектори орқали ўзларидаги мавжуд маълумотларни тақдим этди, албатта. Аммо вилоят прокуратураси орадан шунча фурсат ўтса-да, ушбу воқеа хусусида ҳеч қандай маълумот бермади.

Киритилди: 17:07 07.06.2019. Ўқилди: 7416 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!