Қарши туманидаги автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди. Ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат бугун соат 15:45 да Қарши тумани Дашт маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Ғузор-Қарши” автомобил йўлида жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчасида кузатилган. “Камаз-512” автомобилдан газ сақлаш ёмкостига газ қуйиш вақтида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш оқибатида ёнғин юзага келган.
4 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 15:56 да ҳодиса жойига етиб борган ҳамда ёнғин соат 16:00 да ўраб олиниб, соат 16:45 да тўлиқ ўчирилган. Ёнғин оқибатида шохобча биносининг 22 метр квадрат майдонда том қисми ёниб зарарланган.
Қайд этилишича, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва вафот этганлар йўқ. Ҳозирда ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда.