Қашқадарё ва Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида жами 20 кг 288 грамм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.
Бу ҳақда ДХХ хабар қилди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳрида яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Оҳангарон туманидаги дала майдонига наркокуръерлар томонидан яшириб кетилган 4 кг 935 грамм “Альфа-ПВП” синтетик гиёҳвандлик воситасини олаётган вақтида ушланди. Аниқланишича, у интернет-наркодўконнинг “омборчи” лавозимида ишлаб, гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усулида олиб, қисмларга ажратган ҳолда мамлакатнинг турли ҳудудларига тарқатиш билан шуғулланган.
Шунингдек, ДХХ ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Янгиҳаёт туманида ўтказилган тезкор тадбирда Олмазор туманида истиқомат қилувчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс тўхтатилди. Унинг қўлидаги хўжалик қопи кўздан кечирилганда, ундан 9 кг 829 грамм “гашиш” аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Қашқадарё вилоятида эса Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир давомида Қарши шаҳрида яшовчи, 1959 йилда туғилган фуқаронинг хонадони кўздан кечирилди. Натижада, у қўшни давлатлардан олиб келинган 4 кг 652 грамм “опий”, 380 грамм “гашиш” ва 492 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадида сақлаб келаётгани аниқланди.