Бюджетга ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар сарҳадларимиз дахлсизлиги ва юртимиз тинчлигини таъминлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим солиқ тўловчилар томонидан қайд этилган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаслик ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Натижада катта миқдордаги қарздорликлар вужудга келаётир.
Қарздорликни кескин қисқартириш мақсадида жорий йил май ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳамда Давлат солиқ қўмитасининг қўшма буйруғи билан юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи суд тартибида ундирилиши бўйича ҳамкорликда ташкил этилган тадбирга Сирдарё вилоятидан 1 минг 121 нафар мутасадди ходим жалб қилинди.
Ушбу қўшма буйруқ ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирлар давомида 1 минг 387 фуқародан 13 миллиард 800 миллион сўм қарздорлик ундирилди. 1 минг 329 нафар қарздорнинг 114 миллиард 800 миллион сўмлик мол-мулки хатланди. Жумладан, 335 транспрот воситаси, 457 бино ва иншоот, 631 дона офис жиҳозлари ҳамда бошқа турдаги мол-мулклар хатловга олинди.
Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда тузилган ишчи гуруҳ томонидан вилоят бўйича жорий йилнинг 23-25 май кунлари 283 та қарздорнинг мол-мулки, хусусан, 10 бино ва иншоот, 29 транспорт воситаси, 18 офис жиҳозлари, 11 маиший техника ва 215 бошқа турдаги мол-мулк хатланган. Хатлов жараёнида вилоят бўйича 81 нафар юридик ва жисмоний шахснинг 743 миллион 700 минг сўмлик солиқ қарзлари ундирилган.
Чунончи, Сайхунобод туманида 13 ҳолатда 295 миллион 600 минг сўм, Гулистон шаҳрида 13 ҳолатда 143,9 миллион сўм, Ширин шаҳрида 2 ҳолатда 100 миллион сўм, Гулистон туманида 5 ҳолатда 70 миллион 300 минг сўм, Боёвут туманида 16 ҳолатда 53 миллион 500 минг сўм ва бошқа шаҳар-туманлардаги корхона-ташкилотлардан солиқ қарзлари ундириб олинди.
– Ушбу қарздорликлар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас, балки йиллар давомида йиғилган ва бепарволик оқибати бу, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Бахтиёр Аҳмедов. – Корхона раҳбарлари давлат олдидаги қонун билан белгиланган мажбуриятларини бажармай келган. Мажбурий ижро бюроси, солиқ ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари борганидан сўнг қарздорликни тўлаб бермоқда. Бу – қарздорлар ихтиёрида маблағ борлигидан, лекин улар қонун ижросини таъминлашга панжа орасидан қараб келаётганидан дарак беради.