Фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтохур туманлараро судининг ижро варақаларига асосан, қарздор суғурталовчи масъулияти чекланган жамиятдан 83 нафар фуқаролар фойдасига жами 1 млрд. сўм миқдоридаги суғурта товон пулларини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Бюронинг Шайхонтоҳур туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Ундирувчи 83 нафар фуқаролар фойдасига суғурта товонини қарздор ташкилотдан ундириш мақсадида, қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш, ундирувни мол-мулкига қаратиш юзасидан тегишли ташкилотларга ҳамда банк муассасаларига сўровномалар юборилиб, қарздорнинг номига расмийлаштирилган 2 та “Hyundai” ва “Kia optima” автотранспорт воситаларига нисбатан тақиқ ўрнатилган.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздорнинг манзилига чиқилганда қарздорга тегишли бўлган автотранспорт воситалари манзилдан топилмаганлиги сабабли, Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг
42-моддасига асосан, қидирув эълон қилинган бўлиб, ижро ҳаракатлари қидирув натижаларига қадар Қонуннинг 35-моддасига асосан ижро иши юритиш вақтинчалик тўхтатилган.
Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХББ органлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган навбатдаги тунги рейдлар жараёнида “Hyundai” русумли автотранспорт воситаси ҳаракатдан тўхтатилиб, ўрганилганда қидирувда эканлиги аниқланган.
Мазкур автотранспорт воситаси хатланиб, жарима майдонига жойлаштирилган.