Тошкент кўчалари фақат чиройли кўчалардан иборатми? Афсуски шундай кўчалар ҳам бор эканки... Афтидан бу кўчага ҳеч бир масъул ҳеч қачон бош суқмаган. Акс ҳолда бу тор кўчадан темир излар ўтгани етмагандай, қаровсиз, абгор бўлмас, икки ёни ахлатга тўлиб кетмаган бўлармиди?
Бу Олмазор тумани Мискин маҳалласи Магазин-мавзук кўчаси. Бу йўлдан автомобиль тугул пойи-пиёда бир текис юришнинг имкони йўқ.

Тўғри, бу кичик кўчада жойлашган хонадонлар кўп эмас. Лекин кам бўлса-да бу ерда инсонлар истиқомат қилади. Уларнинг иссиғи, совуғи бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Тез ёрдам чақирилса унинг қаердан, қандай кириб келиши муаммо. Ёнғин ўчириш машинаси-ку, бу ерга кира олиши даргумон. Тор ва яроқсизлиги етмагандай, аҳоли истиқомат қилаётган кўча бошига катта темир дарвоза ўрнатилганига нима дейсиз?
Шу кўчага туташ ҳудудда фаолият юритаётган "Pаlmy flower" ва "Марса-МХА" тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган дарвозанинг «дарвозабон»лари ҳам бор экан. Улар кимни хоҳласа ичкарига киритади, истамаса йўқ. Кира олмаган фақир 2-3 чақирим йўл босиб ўз уйига бошқа айланма йўллар орқали киришга мажбур бўлади.
Дарвоза қоровулларидан бири Илҳом исмли йигитдан бунга изоҳ сўраганимизда у «Дарвозадан ҳаммани киритамиз», деб жавоб берди. Бироқ бу ерда истиқомат қилаётган аҳоли бунинг аксини айтмоқда.
Аслида бу кўчага шу ерда истиқомат қилувчи Сафобек Бўкхўжаевнинг агентлигимизга йўллаган шикояти асосида келгандик. Аммо унинг хонадонига келгунча шунча муаммога гувоҳ бўлдик.
С.Бекхўжаев Магазин-мавзук кўчаси 99 «а» уйда истиқомат қилади. Унинг отасидан мерос бўлиб қолган ҳовли-жойи умумий майдони 16,56 сотихни ташкил этган. Бу Олмазор тумани давлат ер ресурслари ва кадастр бўлими томонидан берилган ҳужжатда қайд этилган.
Тўққиз фарзанднинг отаси бўлган С.Бекхўжаев иккинчи гуруҳ ногирони. Отахоннинг хонадонида жой етишмагани учун унинг тўрт ўғли, келинлари ва набиралари айни пайтда бошқа уйларда ижарага яшашади. Боиси уларнинг хонадонига ёнма-ён бинода жойлашган "Pаlmy flower" тадбиркорлик субъекти С.Бекхўжаевга тегишли ер майдонининг қарийб 13 сотихини эгаллаб олган.
Мазкур тадбиркорлик субъекти ва С.Бекхўжаев ўртасидаги можаро бир неча йиллардан бери давом этиб келмоқда.
Лекин бу манзилни кўздан кечириб, бу ерда кўпроқ Бекхўжаевлар оиласи азият чекаётганига гувоҳ бўлдик. Унинг торгина ҳовлисида эркин яшашга шароит йўқ. Бу кичкина хонадон тадбиркорнинг кўкка бўй чўзган деворлари соясида йўқ бўлиб кетаётгандек.
Бу муаммо билан турли оммавий ахборот воситаларида қилинган чиқишларни кўздан кечириб, уларнинг бирор натижаси бўлмагани кишини таажжубга солади.
Бир инсон мана тўртинчи йилдирки судма-суд, идорама-идора сарсон. Тилга олинаётган муаммо билан боғлиқ бир дунё ҳужжатлардаги фактларни қаламга олсак камида бир роман бўлгулик.
Мақсадимиз интернет-сайт, газета ва телевидения орқали қайта-қайта бонг урилган ушбу масалага Тошкент шаҳар ҳокимлигининг эътиборини қаратиш ва қуйидаги саволларга жавоб топишдир:
Нега аҳоли ўзи истиқомат қилаётган кўчага эмин-эркин кириб чиқа олмаяпди? Одамлар хавфсизлигига путур етказиши, яъни тезкор хизмат автомобиллари киришига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган дарвозанинг кўча қатнов қисмига ўрнатилиши шартми? Одамлар яшаётган, улар юрадиган кўча нега бунчалар қаровсиз? Нега бир оила шунча йил изтироб исканжасига яшамоқда? Нега уларнинг ҳолидан, муаммосидан ҳеч ким хабар олмаган?
"Uza.uz"дан олинди.