— Мен келин бўлиб тушган уй қайнонамнинг номида. Турмушимиз бошида яхши эди. Кейин эрим билан ҳар ҳил келишмовчиликлар бўла бошлади. 2021 йил март ойида мен ва икки нафар вояга етмаган болаларим билан қайнонам уйдан хайдаб юборди. Бир неча маротаба маҳаллага мурожаат қилдим, лекин ижобий натижа бўлмади. Қандай қилиб уйга киришим мумкин?
С.О., Тошкент шаҳри
Мурожаатга Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди раиси Бехзод САГАТОВдан жавоб олдик:
— Уй-жой кодексининг 52-моддаси талабига кўра, муниципал, идоравий уй-жой фонди ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондининг уйларидаги турар жойни ижарага олувчи, унинг оила аъзолари ёки ижарага олувчи билан доимий яшаётган фуқаролар вақтинча бўлмаганида турар жой олти ой муддат давомида уларнинг ҳисобида сақланиб туради.
Бу билан бирга, Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-қисмига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақли. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар. Оиланинг бошқа аъзоларини эса уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.
Ушбу ҳолатда тегишли судга уйга киритиш масаласи бўйича судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгасиз.