Австралия Бош вазири Скотт Моррисон Россия президенти Валдимир Путинни Украинага қарши уруш очишда айблади ва унинг Австралияга кириши тақиқланганини маълум қилди.
Путиндан ташқари Россия Хавфсизлик кенгаши аъзолари ҳам эндиликда Австралияга кира олмайди.
Моррисоннинг фикрича, Россия Украинага ҳужум қилиш билан халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомини қўпол равишда бузди. “Биз Путинни Украинага қарши олиб борилаётган даҳшатли ва адолатсиз уруш учун жавобгар деб ҳисоблаймиз. Австралиянинг молиявий санкциялари ва сафар тақиқлари Россия президенти Путин, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Бош вазир Михаил Мишустин ва Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев учун ярим кечадан эътиборан кучга кирди”, – деди Австралия Бош вазири.
Бундан ташқари, Моррисон Беларуснинг айрим расмийларига ҳам санкция қўлланганини маълум қилди.
“Россиянинг Беларусдан ҳужум уюштиришига рухсат бериб, Путиннинг тажовузига ёрдам бергани учун Беларуснинг 13 фуқароси ва ташкилотига, хусусан, Мудофаа вазири Виктор Хренинга санкциялар жорий этдик”, – деди у.