Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, мамлакат халқаро миқёсда изоляция қилинмаган ва кўплаб давлатлар билан ҳамкорликни давом эттирмоқда.
Санкт-Петербург халқаро иқтисодий форумида (СПИЭФ) сўзлаган Путиннинг айтишича, Россияни яккалаб қўйишга уринишлар АҚШнинг аввалги маъмурияти томонидан бошланган.
«Маълумки, АҚШнинг аввалги маъмурияти ушбу изоляцияга уринишларнинг ташаббускори бўлган. Кейинчалик Европадаги иттифоқчилари ҳам худди шу йўлдан борди. Бугунги кунга келиб, улар бу борада ҳатто АҚШ маъмуриятидан ҳам кўпроқ фаоллик кўрсатди», — деди Путин.
Россия раҳбари АҚШ вакилларини «прагматик одамлар» деб атаб, Вашингтон Москва билан ўзи учун манфаатли бўлган соҳаларда ҳамкорликни сақлаб қолганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, айрим қўшма лойиҳалар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Путин шунингдек, Африка ва Осиё мамлакатлари Россиянинг муҳим ва ишончли ҳамкорлари бўлиб қолаётганини қайд этди.
«Бизда Африка, Осиё ва бошқа минтақалардаги кўплаб давлатлар билан барқарор муносабатлар мавжуд. Улар билан иқтисодий, савдо ва инвестициявий алоқалар ривожланмоқда», — деди у.
Россия расмийлари Ғарб санкцияларига қарамай мамлакат ташқи иқтисодий алоқаларини қайта йўналтиришга муваффақ бўлганини таъкидлаб келади. Бироқ Ғарб давлатлари эса санкциялар Россия иқтисодиёти ва технологиялар соҳасига босим ўтказишда давом этаётганини билдирмоқда.