Охирги ҳафтада миш-мишлар яна кучайди, яқин келажакда, эҳтимол, октябрь ойида Россияда янги сафарбарлик тўлқини эълон қилинади. Хусусан, Россия телеграм каналлари, шунингдек, Ғарб ОАВлари, жумладан нуфузли The Wall Street Journal нашри ҳам бу ҳақда ёзмоқда.
Қайд этилишича, Россия президенти Владимир Путин май ойида инаугурациясидан бир неча ой олдин Россия Мудофаа вазирлиги раҳбарлари билан учрашган (ўшанда мудофаа департаментини ҳали ҳам Сергей Шойгу бошқараётган эди), улар янги сафарбарлик ўтказишни талаб қилган.
Аммо Путин бу фикрни рад этган ва шартнома асосида ишлайдиган кўнгиллиларга таянмоқчи эканлигини айтган, деб ёзади Тҳе Wалл Стреэт Жоурнал.
Нашрнинг ёзишича, ҳарбийлар «инсон ресурслари тугаши» сабабли сафарбарликни талаб қилган.
«Ҳозирда урушнинг дастлабки мақсадларига эришиш, Украинани урушдан чиқариб юбориш, унинг ҳарбий салоҳиятига путур етказиш ёки Россия ҳудудининг чегарадош ҳудудларини ҳимоя қилиш учун етарли кучлар йўқ... тобора кўпроқ одамлар сафарбарлик муқаррар деб айтишмоқда», - деди нашрга генераллар ўртасидаги суҳбатдан хабардор шахс.
Нашрнинг фикрича, Россия президенти сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий оқибатлардан қўрқиб, сафарбарликка шошилмаяпти. Чунки мобилизация рус жамиятида машҳур эмас. Бундан ташқари, бу ишчи кучи етишмаслиги муаммосини оширади.
“Россия раҳбарлари, шунингдек, сафарбарлик уруш ҳақидаги жамоатчилик фикрида ўрнатишга ҳаракат қилган нозик мувозанатни бузишидан қўрқишади. Улар урушни қаҳрамонона, аммо узоқ давом этган тўқнашув сифатида кўрсатишга интилишади. Улар россияликлар уруш натижасида даромадларнинг кўпайиши ва бойликни қайта тақсимлаш билан бир қаторда нормал ҳаёт кечиришда давом этишларини ҳис қилишларини хоҳлашади", дейилади хабарда.