Йиғилишда сўнгги пайтларда жиноий гуруҳлар олди-берди муносабатларга, бизнес фаолиятга аралашиб, тадбиркорлар ва инвесторларга таҳдид солаётгани қайд этилди.
Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, АҚШ ва бошқа давлатлардаги элчихоналаримизда ички ишлар вакили лавозими жорий қилинди. Ушбу вакиллар хориждаги ҳамкасблари билан ишлаб, бундай зўравонликларга нисбатан қонун устуворлигини таъминлайди, юртдошларимиз ёт ғоялар таъсирига тушишининг олдини олади.
Мутасаддиларга трансчегаравий ва виртуал майдонда уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича яхлит тизимни йўлга қўйиш топширилди. Ички ишлар вазирлигида уюшган жиноятчилик бўйича алоҳида хизмат ташкил қилинади.
Ўтган йили пойтахтда ушланган уюшган жиноий гуруҳлар таркибида 259 нафар “оғир” тоифадаги ёшлар ва спортчилар бўлгани ўта ташвишли ҳол экани қайд этилди.
Спортчиларнинг аксарияти кўча безорисига айланиб кетаётгани, жойларда пул учун яширин жанглар ташкил қилиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилди.
Мутасаддиларга бу йўналишда назоратни таъминлаш вазифаси қўйилди. Жанговар спорт турлари билан шуғулланаётган ёшларни касбга ўқитиб, салоҳиятига мос иш билан банд қилиш тизимини яратиш топширилди.