Польша «Шарқ қалқони» дастури доирасида Россия билан чегарада мудофаа истеҳкомлари линиясини қуришни бошлади. Иш 2028 йилгача давом этади, лойиҳа қиймати 10 миллиард злоти (2,5 миллиард доллар)га баҳоланмоқда.
«Шарқ қалқони қурилиши бошланди! Россия билан чегарадаги биринчи иш», — деб ёзди бош вазир Доналд Туск ижтимоий тармоқдаги Х саҳифасида.
Ишлар доирасида 800 км ариқ қазилади, миналанган майдонлар жиҳозланади, танкга қарши типратиканлар ўрнатилади. Бундан ташқари, видеокузатув тизими яратилади.
Польша «Беларус ва Россиядан келаётган таҳдидларга қарши туриш учун НАТОнинг шарқий қанотида кенг қамровли мудофаа инфратузилмасини» яратиш ниятида экани аввалроқ хабар қилинган эди.
Россиянинг Калининград вилояти Польша билан чегарадош.