Польша яқин бир неча йил ичида армия сонини 500 минг нафар ҳарбийга етказишни режалаштирмоқда.
TVP Info телеканали хабар беришича, бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Władysław Kosiniak-Kamysz генераллар билан йиллик йиғилишда маълум қилган.
«Ярим миллионлик армия — бир неча йилга мўлжалланган стратегик мақсад. Биз уни босқичма-босқич амалга оширамиз», — деди вазир.
Унинг сўзларига кўра, яқин бир йилда асосий эътибор жангга шай захирани шакллантиришга қаратилади. Бу, жумладан, айрим фуқаролик олийгоҳларида ҳарбий кафедраларни тиклаш ва умумий ҳарбий тайёргарлик дастурини жорий этиш орқали амалга оширилади.
Ҳозирда Польша армиясида 218 минг нафар аскар ва офицер хизмат қилмоқда. Бу кўрсаткич бўйича мамлакат NATOда АҚШ ва Туркиядан кейин учинчи ўринни эгаллайди.