Афғонистон расмийлари Покистон кучлари 16 март куни Кобулда ҳаво ҳужумларини амалга оширганини даъво қилишди.
"Толибон" ҳукумати вакили Забиҳулла Мужоҳид ҳужумни "жиноят ва ғайриинсоний ҳаракат" деб атади, деб хабар беради AFP.
Associated Press хабарига кўра, Афғонистон расмийлари гиёҳвандларни даволаш марказига зарба берилганини даъво қилмоқда. Афғонистон расмийларининг маълумоти бўйича камида 400 киши ҳалок бўлган ва тахминан 250 киши яраланган.
CNN хабарига кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида содир бўлган. 2000 ўринга мўлжалланган бинонинг катта қисми вайрон бўлган.
Покистон бу айбловларни рад этиб, уларни "ёлғон ва чалғитувчи" деб атади. Ахборот вазирлиги баёнотида ҳужумлар фақат ҳарбий иншоотлар ва террорчиларни қўллаб-қувватлаш инфратузилмасини, жумладан, Афғонистондан фаолият юритаётган Покистон жангарилари базаларини нишонга олгани айтилган.
Икки мамлакат ўртасидаги можаро 22 феврал куни Покистон "Теҳрик-э-Толибон" позицияларига ҳужум қилганидан кейин авж олди.