DW нашрининг ёзишича, Виктор Орбан ҳокимиятни йўқотган тақдирда ҳам таъсирини сақлаб қолиш чораларини кўрган эди, у муҳим юқори лавозимларга ўзига садоқатли шахсларни тайинлаб, уларни кейинчалик ишдан бўшатиш учун парламентда учдан икки қисм овоз талаб қилинишини белгилаб қўйганди. Орбан бу билан уларнинг ҳукмронлигини мустаҳкамлаш ва кейинги ҳукумат фаолиятини саботаж қилишни мақсад қилганди. У фақат бир нарсани ҳисобга олмади, яъни сайловдаги ўта аянчли мағлубиятни.
Натижада, Петер Мадяр бошчилигидаги Венгриянинг янги ҳукумати "Тиса" партияси ғалабасидан сўнг давлат институтларини кенг кўламли қайта қуришни бошлади. Учдан икки қисм овоз билан конституциявий кўпчиликка эга бўлган ҳокимият Виктор Орбаннинг 16 йиллик бошқаруви давомида яратган сиёсий тизимини тўлиқ демонтаж қилишга киришди.
Энг муҳим қадам конституцияга киритилган тузатишлар бўлди, улар Орбан даврида тайинланган бир қатор юқори мартабали амалдорларнинг, жумладан, президент Тамаш Шуйок ва Конституциявий суднинг бир неча судясининг истеъфога чиқишини назарда тутади.
Тузатишлар Конституциявий судга йўқотилган ваколатларининг бир қисмини қайтариб беради, суд тизими мустақиллигини кучайтиради, ўзгартириш киритиш учун малакали кўпчилик талаб қилинадиган қонунлар сонини қисқартиради, шунингдек, ноқонуний йўл билан орттирилган мулкни қайтариш механизмини яратади. Бундан ташқари, депутатлар учун чеклов жорий этилди — парламентда уч муддатдан ортиқ ишлаш мумкин эмас.
"Фидес" партияси ва унинг иттифоқчилари ўзгаришлар "демократия ва қонун устуворлигининг тугаши"га олиб келишини даъво қилиб, овоз беришни бойкот қилди.
Бироқ Орбан тарафдорларининг норозилик намойишлари кам сонли бўлиб чиқди ва партия ичида инқироз давом этмоқда, парламент фракцияси раҳбари Гергели Гуляш ўз истеъфосини эълон қилди.
Ўзгаришларни қўллаб-қувватлашига қарамай, венгриялик ҳуқуқшунослар ва инсон ҳуқуқлари фаолларининг бир қисми ўзгаришлар тезлиги ва янги тузатишларнинг айрим бандларидан хавотирда.
Мадярнинг таъкидлашича, ҳозирги қарорлар Венгриянинг бутунлай янги конституциясини тайёрлашдан аввалги ўтиш даври ҳисобланади.