Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

“Пахта иши”: кўзим билан кўрганларим

“Пахта иши”: кўзим билан кўрганларим

ЎзА сайтида 7-9-10 ва 11 январь кунлари эълон қилинган "Пахта иши" қандай вужудга келган эди?" номли суҳбатни ўқиб


Мен 1979 йилда Элликқалъа туман “Октябрь байроғи” (ҳозирги “Давр кўзгуси”) газетасида бўлим мудири вазифасида фаолият кўрсата бошладим. 1985 йил январдан эса ўриндошлик асосида Беруний туман “Пахтакор” (ҳозирги “Халқ минбари”) газетаси мухбирлигини ҳам зиммамга олдим (25 йил марказий нашрлар мухбири бўлдим.)

Шу муносабат билан ўша йиллари Элликқалъа, Беруний, Тўрткўл туманлари ижтимоий ҳаётида юз берган воқеаларни, хусусан, “Десант” ва “Пахта иши” билан боғлиқ фожиаларни ипидан игнасигача биламан. Қолаверса, Элликқалъа туман партия қўмитасининг биринчи котиби, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган муҳандис, иқтисод фанлари номзоди Олимбой Примовнинг яқин ва ҳамфикр иниси сифатида Қорақалпоғистонда “десант”нинг асосий нигоҳи қаратилган атоқли инсонлар – Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Қаллибек Камолов, Ўзбекистон КП МҚ котиби Ережеп Айитмуратов, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Абдулла Худойберганов, Ўзбекистон Мелиорация ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Камолов, Тўрткўл туман партия қўмитаси биринчи котиби Қосим Нурумбетов, Беруний туман партия қўмитаси биринчи котиби Олимбой Ражабов, Қораўзак (кейинчалик Тахтакўпир) туман партия қўмитаси биринчи котиби Султонмурат Қониёзов кабилар билан шахсан таниш бўлганман. Кўпларининг ўша давр ҳақидаги ҳикояларини ўз қулоғим билан тинглаганман.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист А.Полвонзода билан ҳамкасбимиз Ш.Акбаровнинг суҳбатида таъкидланганидек, республика раҳбариятида Анишчев-Огарок-Романовский-Сатин-Бутурлин-Гайданов-Дидоренкодан иборат “десант” гуруҳи фаолият юритган бўлса, Қорақалпоғистонда бу “тандем” Саликов-Малолетов-Максимов-Донцов ва бошқа “устомон”лардан иборат эди.

Энди “десант” Қорақалпоғистонда иш бошлашининг аниқ тафсилотлари ҳақида бироз маълумот бериб ўтсам. 1984 йил 11 июлда Тошкентда Ўзбекистон Марказий Қўмитаси ҳайъати мажлиси ўтказилади. Унда белгиланган тартибга кўра Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитаси биринчи котиби Қаллибек Камолов ҳам иштирок этади. Мажлис охирида Ўзбекистон КП МҚ биринчи котиби Инъомжон Бузрукович Усмонхўжаев “Қаллибек Камолович, бизнинг кабинетга бир кириб кетинг!” дейди. Қаллибек оға хонага кирганида у ерда 1983 йил 8 июлда Л.Грековнинг ўрнига иккинчи котиб бўлиб сайланган Тимофей Николаевич Осетров бор экан. (У 99 йил яшади. 1986 йил 13 декабрь куни “Пахта иши” бўйича ҳибсга олинган). Инъомжон Бузрукович “Сиз 15 июль куни Егор Кузьмич Лигачев қабулида бўласиз. Дипломатия соҳасига ўтяпсиз!” дейди. 14 июль куни Қаллибек оға рафиқаси Любовь Семёновна билан Москвага кетади ва Ўрта Осиё шўъбаси мудири В.Смирновга учрайди. Смирнов уни К.Н. Могильниченкога юборади. Могильниченко Ўзбекистондаги ўнлаб кадрлар тагига сув қуйган жоҳил одам эди. “Бировга чоҳ қазисанг ўзинг тушасан“, деганларидек, В.Смирнов ҳам, К.Могильниченко ҳам, ҳатто қудратли Е.Лигачев ҳам охир-оқибат “Кремль иши” бўйича айбландилар. Бу ўринда улуғ Абайнинг “Кучук асраб ит этдим” деган сатри ёдга тушади. Хулласи калом, Қаллибек Камолович Марказий Қўмитада Степан Васильевич Червоненко ҳузурига киради. Оқсоқолга уч шаҳар – Вьетнамнинг Хо Ши Мин, Шарқий Германиянинг Росток, Руминиянинг Констанца шаҳарларига Бош консулликни танлаш ҳуқуқи берилади. Қаллибек оға Констанцани танлайди. 16 июль куни Қаллибек оға жаноб Лигачевнинг ҳузурига киради. “Ўрнингизга ким биринчи котиб бўлиши мумкин?”, деб сўрайди Егор Кузьмич ўсмоқчилаб. “Тажрибали йигитлардан Ережеп Айитмуратов, Камол Ризаев, ёшлардан Султонмурат Қониёзов, Қайипберген Юсупов!” дейди Қаллибек оға. “Айитмуратов Сиз томонданми?” сўрайди Лигачев. “У мен билан 18 йил Вазирлар Кенгаши Раиси бўлиб ишлаган!” жавоб беради Қ.Камолов. 29 июль куни Қаллибек Камолов Нукус аэропортидан Москвага учиб кетади. Ўшанда аэропорт майдонига одам сиғмай кетган эди.

1984 йил август ойи ўртасида Қорақалпоғистон вилоят партия қўмитасига ўн биринчи биринчи котиб этиб Жезқазган шаҳар партия қўмитаси биринчи, Жезқазган вилоят партия қўмитаси иккинчи котиби, КПСС Марказий Қўмитаси нозири бўлган Какимбек Саликов (1932-2013) сайланди. У Ўзбекистонга келгач, аввало, икки ишнинг пайида бўлди. Айтиш керакки, икковини ҳам рўёбга чиқарди. Биринчиси – 3 марта Сиёсий бюрога хат ёзиб, Гдлян гуруҳининг қўли билан Қ.Камоловни қаматди. Иккинчиси – таниқли шоир сифатида ўзбек тилида “Жезкийик” номли китобини чиқарди.

К.Саликов биринчи навбатда Қ.Камоловнинг энг яқин сафдошларига, шогирдларига ҳужум қилди. 1984 йил 29 декабрда Элликқалъа туман партия қўмитаси биринчи котиби Олимбой Примовни ишдан бўшатди. 1985 йил бошларида К.Саликовни қаерда, қандай ҳолатда кўрганимни ёзсам, бирорта одам ишонмаса керак. Лекин бу бўлган воқеа. Элликқалъа туман партия қўмитаси биноси ёнидан ўтаётсам, сув ташийдиган оддий “водовоз” машина келиб тўхтади. Ундан фуфайка кийган ўрта яшар буғдойранг киши тушди. Қоровулимиз Мадраҳим ака, ҳалиги барзанги одамга “Райқўмга шундай хароб машинада келасанми?” деб мушт ўқталди. Тикилиб қарасам, бир ҳафта олдин Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида биз зиёлилар билан мажлис ўтказган К.Саликов. Югуриб Мадраҳим аканинг қўлини ушлаб қолдим, “Бу обқўмнинг биринчи секретари”, деб шивирладим. Университетда К.Саликов “Зачем нам столько мрамара? Ладно это храм науки. Но в райкомах зачем такая роскошь?” деган эди. Демак бинони кўриш учун ишчи кийимида яширинча келган экан. У кезлар Олимбой Примович Беруний тумани Беруний номидаги совхоз директори эди. Оғамни Чкалов номидаги бўлим даласидан топдим. Бўлим бошқарувчиси Ҳожибой Каримов тилло одам эди. Икковимизни ҳоли қолдириб трактор ёнига кетди. Саликовнинг “ташрифи”ни айтсам, Олимбой ака “Отлиғу пиёда изимга тушиб олган. Қаллибек Камоловни ёмонлаб ёзиб берсанг, ё обқўмнинг тармоқ котиби ё Нукус шаҳар қўмитаси биринчи котиби қиламан, деган эди. Йўриғига юрмаганимдан кейин Элликқалъадан бўшатди. Бу ерда ҳам тинч қўймайди, шекилли!” деди. “Бўш келманг!” дедим. Қучоқлашиб хайрлашдик. 12 октябрь куни К.Саликов Олимбой Примовни ҳайъат йиғилишида ишдан бўшатди. Ўша йиғилишда бўлганлардан уч киши К.Саликов “Партия билетини беринг!” деганида Олимбой аканинг “Жаноб Саликов, партия билетини сиздан олганим йўқ, сизга бермайман!” деб залдан мағрур чиқиб кетганини айтиб беришди. Марказий Қўмитадан Осетров қўнғироқ қилиб койигач, 25 октябрь куни К.Саликов ўз ҳужжатларида ишкал борлигини билиб қолиб, масалани қайта ҳайъатга қўйди. Ўша кунлари Олимбой аканинг рангида ранг қолмаган эди. 25 йил ҳукумат хизматида бўлиб, уй ҳам қурмаган экан. Акаси Сафарбой Примов уйини бўшатиб берди. Касалхонага тушиб қолди. Тез-тез хабар олиб турдик. Давлетгелди Собиров деган дўсти доимо ёнида бўлди. Барибир К.Саликов айтганидан қолмади. И.Усмонхўжаевга босим ўтказиб, 1986 йил 9 январда Марказий Қўмитада партиядан ўчиртирди. Адолат учун айтиб ўтиш керакки, ўшанда Ўзбекистон КП МҚ котиби Раъно Абдуллаева Олимбой Примовнинг ёнини олганини яхши биламан. 1986 йил 25 ноябрь куни Донцов, Волосенко, Иевлев, Глушченко оғани ҳибсга олишди. Олимбой ака судда ўзини ўта мағрур тутди. Ёлғон айбловларни рад қилди. Уни суд залидан озод қилишди. Бироқ икки кун ўтгач, манфур Гдляннинг қўли билан шўро салтанатининг даҳшатли қамоқхоналаридан бири “Матросская тишина”га элтиб қўйишди. 1990 йил 10 августгача ҳибсда сақладилар. Тўқиб-бичилган жиноят ишида маҳбус 89 марта пора олди, деган иддаолар бор эди. Терговчилар Олимбой аканинг рафиқаси Хадича Камоловага, фарзандлари Юлдуз, Бердимурод, Шавкат, Гулойим, Улуғбекка (12 яшар эди), акаси Сафарбойга, қайнилари Худойберганга, Жумабойга, қариндошларидан Жабборберган Ўрозимбетов, Абдулла Полвонов, Ромон Бекимбетовга қаттиқ азоб бердилар. Ўша пайтлар бутун Элликқалъа жамоатчилиги оёққа турди. Юқори ташкилотларга уруш қаҳрамонлари И.Наврўзбоев, Ў.Абдуллаев ва бошқалар номидан хат тайёрланди. Ўшанда Р.П. деган уруш қатнашчиси “Хатга имзо чекмайман. Эртага нима бўлишини ким билади!” деган эди. Яқинда шахсий архивимдан ўша хатнинг нусхасини топиб олдим. Р.П. деган жойда каминанинг имзоси турарди. Олимбой ака Гдлян гуруҳи исканжасидан чиқиб келгач, 16 йил яшади. “Ҳаётим мазмуни” номли китоб ёзди.

Одамларнинг юрагига буйруқ бериб бўлмас экан. К.Саликов биринчи котиб этиб сайланишидан олдин “десант”чилар Александр Балакин, Ўринбой Матнапесов, Ниятулла Сейитназаров, Райгул Жумамуратовага “Қаллибек Камоловни ёмонлайсизлар!” деб йўл-йўриқ беришибди. Аммо уларнинг бирортаси сотқинларнинг раъйига юрмади. Ишлаб чиқариш илғори Райгул опа Жумамуратова уларга қарата “Сизларга биттагина гапим бор. Бошимдаги рўмолимни ечиб берай. Ўрасангизлар, сизларга зап ярашарди-да!” деган эди. Ўшанда Тўрткўл туман партия қўмитаси биринчи котиби Қосим Нурумбетов, “Кўкдарё” давлат хўжалиги директори Ўнғорбой Қурбониёзов, “Кўкчиэл” давлат хўжалиги директори Ережеп Алланиёзов ва бошқа бир қатор ажойиб инсонлар ҳаёти фожиали якун топди.

“Пахта иши” билан боғлиқ ноҳақликларни биз ўз кўзимиз кўрганмиз. Эсимда: 1985 йил 6 февраль куни Элликқалъа тумани “Москва” ҳамда “Дўстлик” жамоа хўжаликлари раҳбарлари ва мутахассисларидан 9 киши Гдлян гуруҳи томонидан ҳибсга олинди. Айниқса, Элликқалъа қўриғини ўзлаштириш ташаббускорларидан бири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор, 5 та орден соҳиби (Гдлян ўзбекистонлик 10 нафар Социалистик Меҳнат Қаҳрамонини ҳибсга олган), “Москва” давлат хўжалиги директори Саъдулла Раҳмоновнинг ҳибсга олингани яшин тезлигида тарқалди. Устоз Абдулла Ориф ёзганидай, “Гадонинг душмани гадо бўлади“: марказий нашриётда ушбу мақола муаллифининг С.Раҳмонов ҳақидаги китоби коррректураси ўқилиётган эди. Шошилинчнома юборилгач, қўрғошинга туширилган матн эритиб юборилди. 19 йиллик раис Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 119-1, 149-1, 153-2 ва 155-моддаларига биноан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум этилиб, мол-мулки мусодара қилинди. “Дўстлик“ жамоа хўжалиги раиси Муҳаммаджон Шеримбетов чекига ҳам шу қисмат тушди.

Ўзбекистон халқ маорифи аълочиси, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, юридик фанлари номзоди Олимбой Ражабов аввал Хўжайли туманини бошқарган, 12 йилдан буён Беруний туман партия қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлаётган эди. 1985 йил 9 январда К.Саликов уни лавозимидан тушириб, Будённий номидаги қўриқ давлат хўжалигига директор қилиб юборди. Мақсад унга қарши материал йиғиш эди. Тез орада уни ва яқинлари, танишларини қамоққа олди. Рафиқаси, педагогика фанлари номзоди Марям Ражабова, ўғил-қизлари, укалари, қариндошларини ойлаб қийноққа солишди. Укаси Комилжон Ражабов (спортчи) Урганчдаги вақтинча сақлаш биносининг учинчи қаватида тергаганларида мушт учун қўл кўтарган Т.Гдляннинг қўлини қайириб, “Тельман Хоренович! Менинг олдимда икки йўл бор: биринчиси сени деразадан улоқтириш, иккинчиси ўзимни! Хотиним вафот этган, норасида болаларимга ачинмайсанми?” дейди. “Уйига обориб қўйинглар, бу хулиганни!” дейишга мажбур бўлади терговчи. Олимбой Ражабовнинг ишини пахта масаласига боғлаш учун туманнинг энг илғор раиси, аввал туман ёшлар қўмитаси биринчи котиби, туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи бўлган Маҳмуд Хўжамуратовни қамоққа олдилар. У ва у билан ишлаган 4 одам анча йил панжара ортида азият чекдир.

Маҳмуджон ака мана шу мақола ёзилишидан 2 кун олдин ўз таваллудининг 80 йиллигини нишонлади. Ҳаёт давом этмоқда. Аммо ўша бешафқат жаллодлар халқимиз қалбига солган жароҳат ҳамон битмаган. Маҳмуд Хўжамуратов ҳалигача кечалари ухлай олмайди. Гдлян ҳақида гап кетса, Комилжон Ражабовнинг мушти беихтиёр тугилади. Марямжон опа мустақиллик йилларида I даражали “Соғлом авлод учун” ордени, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди. Фақат шу кунларни турмуш ўртоғи Олимбой Ражабов кўрмаганидан қаттиқ ўксийди. Юлдуз Примова Тошкентда, нуфузли поликлиникада ишлаяпти. Минг афсуски, бу кунларни дадаси Олимбой Примович билан онаси Хадича ая кўролмай кетди.

2017 йил май ойида Ўзбекистон шифокорлар уюшмаси раиси, тиббиёт фанлари доктори, профессор Абдулла Худойберганов оламдан ўтди. У аввал Қорақалпоғистон, 1981-1986 йилларда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири бўлиб ишлаган эди. Гдлян гуруҳи унга қандай уйдирмаларни ёпиштирмади, дейсиз. Аллақандай олтин бюст ҳақидаги куракда турмайдиган афсоналар, бриллиантли портфеллар тўғрисида эртаклар тўқилди. Укалари — ўша чоғлари Қорақалпоғистон пахта саноатини бошқарган Отаулло Худойберганов, вилоят партия қўмитаси бўлим мудири Ҳабилулло Худойберганов, Элликқалъа туман партия қўмитаси иккинчи котиби Неъматулло Худойбергановни бир зумда “Бутирка”га олиб бориб қамашди. Ойлаб қийноққа солишди. Хайриятки, ойнинг ўн беши ёруғ бўлиб чиқди. Мустақиллик қуёши порлади.

Дарҳақиқат, бу “иш” Ўзбекистоннинг асл фарзандлари бошига оғир кунларни солди. Республика миқёсидаги раҳбарлардан тортиб, юзлаб фирқа котиблари, вазирлар, раислар, бригадирлар, пахта заводи директорлари, қабул пункти мутасаддилари ноҳақ қамалди. Уларга ота, она, рафиқа, фарзанд, қариндош бўлган минглаб одамлар азоб чекди...

Буларнинг ҳаммасини биз ўз кўзимиз билан кўрдик. У қоронғу кунлар энди ҳеч қачон қайтмасин. Барпо этилаётган янги Ўзбекистон дунё тургунича озод, обод, тинч, фаровон, буюк бўлиб қолсин!
 

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,

Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Киритилди: 04:30 14.01.2020. Ўқилди: 10834 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!