Telegram асосчиси Павел Дуров Россияда мессенжернинг ишлаши секинлаштирилганини танқид қилиб, Max иловасини “цензура дастури” деб атади.
Бу ҳақда The Insider нашри хабар берди.
Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида эълон қилган баёнотида фуқароларнинг эркинлигини чеклаш тўғри қарор эмаслигини таъкидлаган.
“Россия Телеграмга киришни чеклаб, ўз фуқароларини давлат назоратидаги, кузатув ҳамда сиёсий цензура учун яратилган иловага ўтишга мажбурламоқда. 8 йил олдин Эрон ҳам шундай стратегияни қўллашга уринганди, лекин улар муваффақиятсизликка учради”, — деб ёзган Дуров.
Шунингдек, Павел Дуров Telegram босимларга қарамасдан сўз эркинлиги ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя қилишини билдирган.
Mаълум бўлишича, Роскомнадзор мессенжернинг Россия ҳудудида иш фаолиятини секинлаштира бошлаган. Бунга эса Telegram'нинг Россия қонунчилигини бузгани асос сифатида кўрсатилган.