Бугун 23 ноябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

“Озодлик”ни лаққа туширган балиқчиликлар

“Озодлик”ни лаққа туширган балиқчиликлар

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни ozodlik.org радиостанцияси ўзининг bugun.uz телеграм каналида “Уйи компенсациясиз бузилган андижонликлар ҳокимлик олдида очлик эълон қилди” номли мақола ва видеоролик жойлаштирди.

Мақолада “Андижон вилояти, Балиқчи тумани, “Ифтихор” маҳалласида яшовчи ўнлаб одам уйи бузилганларга ҳокимият томонидан товон пули берилмаётганидан норози бўлиб, 16 сентябрь куни туман ҳокимлиги биноси олдида тўпланганлиги таъкидланган. Видеороликда эса норозилар очлик эълон қилишгани, компенсация берилмагунича очликни тўхтатмасликларини айтишган.

Аввало, видеороликдаги аёл мимикаси (оғиз ҳаракати) айтилаётган сўзларга мос келмаслигини пайқаш учун дубляж устаси бўлиш шарт эмас. Таассуфки, “Озодлик”дагилар бунга эътибор қаратишмаган.

Аслида нима бўлган эди?  

Маълум бўлишича, ушбу видеороликдаги шахслар Балиқчи тумани, Чинобод шаҳарчаси, “Ифтихор” МФЙ, “Ойдин” кўчасидаги 65-сонли 2-қаватли умумий уйда истиқомат қилишади.

Ушбу видеоролик туман ҳокимлиги биноси олдида эмас, балки шу йилнинг таҳминан 27 июль куни Балиқчи тумани, “Ойдин” кўчасида тасвирга олинган бўлиб, унинг нусхаси иштирокчиларда мавжуд.

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни Балиқчи туманида ҳеч қандай тўпланиш ёки “норозилик акцияси” содир этилмаган.

Таъкидлаш лозимки, юқоридаги 65-сонли умумий уй ўрнида илгари 18 та хўжалик яшаган барак типидаги 1 қаватли умумий уй бўлган. Мазкур уй биноси маънан эскирганлиги сабабли, ушбу жойда яшовчи аҳолининг талаби билан 2018 йилда туман ҳокимлиги томонидан бузилиб, ўрнига 16 та хўжаликка мўлжалланган 2 қаватли 65-сонли умумий уй ва 2 та хўжалик учун алоҳида-алоҳида коттеж банк кредити асосида қурилган ва фойдаланишга топширилган.

Ҳозирда ушбу уйларда 49 нафар фуқаро истиқомат қилаётган бўлиб, ҳар бир хонадон оила аъзолари сонига қараб ойига 500-700 минг сўм кредит учун тўловларни амалга ошириши белгиланган.

Шу билан бирга, мазкур умумий уйда яшовчи 5 та кам таъминланган хўжалик учун дастлабки кредит тўлови давлат томонидан қопланган.

Бироқ шу йилнинг 29 июль куни соат 18.00ларда қайд этилган умумий уйда яшовчи, 1992 й.т. Абдураҳмон Сирожиддинов бошчилигида 15 нафар фуқаро “Балиқчи-Андижон” автойўлидан “Ойдин” кўчасига муюлишига чиқиб, 2018 йилда бузилган уйлари учун компенсация талаб қилишган. Талаблари бажарилмаса мазкур жараённи видео тасвирга олиб, “Озодлик” радиосига юборишни пўписа қилган.

Юзага келган ҳолат бўйича туман ҳокимлиги, ИИБ, Халқ қабулхонаси ва бошқа ташкилотлар томонидан норозилик билдирган шахслар билан музокаралар олиб борилиб, туман ҳокими томонидан ҳар ойда тўланадиган кредит тўлови маълум муддатга ҳокимлик ҳисобидан амалга оширилиши айтилган.

Шундан сўнг, фуқароларнинг эски бузилган уйлари учун компенсация пулларини тўлаб бериш талаби бўйича, туман ҳокимлиги вакиллари улардан эски уйларининг кадастр хужжатларини тақдим этишни сўраган. Боиси “барак” да яшаганларнинг бир қисмида эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги эди. 

Енгиллик яратиш мақсадида тегишли кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб бўлгунга қадар, “Қишлоқ қурилиш банк” туман бўлимига фуқаролардан кредит тўлашни талаб қилмаслик юзасидан кўрсатма берилган.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни мазкур умумий уйда яшовчи, 1961 йилда туғилган Муборакхон Муҳиддинова (видеороликда сўзлаган аёл) МФЙ раиси А. Туйчиевга яшаётган хонадони учун кадастр ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришни сўраган. Акс ҳолда у А. Сирожиддинов билан бирга норозилик уюштиришини маълум қилган.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги вакиллари М. Муҳиддинова билан профилактик суҳбат ўтказиб, уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни ўз зиммасига олишган. Вазиятдан фойдаланган Малоҳат Исақова (қайд этилган умумий уйда яшовчи, 1986 й.т., Туркияда мавсумий ишлаган, турмушдан ажрашган аёл) ҳокимият вакилларига зимдан таъсир ўтказишни кўзлаб, эски видеоролик нусхасини “Озодлик” радиосига юборган.  

Ўз навбатида жорий йилнинг 17 сентябрь куни вилоят ва туман ҳокимлиги вакиллари видеороликда тасвирга тушган шахслар ҳамда юқоридаги умумҳовлида яшовчи аҳоли вакиллари билан суҳбат ўтказишган. Шунингдек, юзага келган муаммони ижобий хал этиш бўйича ўзаро келишиб олишган.

Суҳбат давомида қайд этилган уйда яшовчи фуқаролар ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақола нотўғри ва видеоролик эски эканлигини таъкидлаб, ўзларига кўрсатилаётган ёрдамдан миннатдор эканликларини, эътирозлари йўқлигини маълум қилишган.

Энг муҳими – холисликка даъво қилувчи “Озодлик” ҳар қандай ахборотни текшириб ўтирмай овоза қилавериши яна бир бор исботланди. Умумэътироф этилган меъёрларга кўра объектив ёндашмайдиган журналист қонун олдида жавоб бериши лозим. “Озодлик” ўз қилмишлари учун қачон жазо олади? 

 

 

Киритилди: 17:18 18.09.2019. Ўқилди: 4958 марта. Фикрлар сони: 2 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!