Бугун 22 ноябрь, 2024 йил, жума

O'ZB

Озодбек Назарбеков "Илҳақ" фильми ҳақида қандай фикр билдирди?

Озодбек Назарбеков "Илҳақ" фильми ҳақида қандай фикр билдирди?

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков "Илҳақ" фильми ҳақида фикр билдирди.

"Шу кунларда «Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмасига кўра суратга олинган «Илҳақ» бадиий фильмини халқимиз чуқур ҳаяжон ва мамнуният билан кутиб олди. Уни сўнгги йилларда яратилган киноасарларнинг энг сараси дейиш мумкин. Ҳақиқий ўзбекона жасорат, матонат, улуғ инсоний фазилатлар, миллатимизнинг бетакрор табиати унда мужассамлашди, десак муболаға бўлмайди.

ХХ аср фожиаси деб аталган Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларини, у келтирган кулфатларни букилмас иродаси, метиндай бардоши билан мардонавор қаршилаган, бошига тушган мусибатларга қарамай бошқаларга далда бўлиш, мадад беришга ўзида куч тополган халқимиз чин маънода жасорат ва матонат тимсолидир.
Фильмда акс этган тарихий ҳақиқат машъум уруш хотираларини қайта тиклаб, унда жонини фидо қилган ота-боболаримиз, оналаримиз олдидаги бугунги тинч-фаровон турмушимиз учун қарздорлик ҳиссини уйғотиши билан ҳам муҳимдир.

Фильмнинг «юраги» ўзбекона уриб тургани боис ҳам уни оддий томошабин ўзгача завқ билан қарши олди. Айниқса, фильм ортида хизмат қилган тасвирчилар, либос усталари, рассомлар, пардозчилар иши тасаннолар айтишга лойиқ. Чунки улар шарофати билан биз этни жимирлатадиган ўша давр «шамоли»ни бутун вужудимиз-ла туйдик.

Бор маҳоратини ишга солган режиссёр Жахонгир Ахмедов ва актёрларимизга ҳам катта раҳмат. Улар орқали узоқ йиллар «кул» босган ҳисларимизнинг уйғонганини англадик.

Шу ўринда Зулфия Зокирова каби мард, жасур, ўз халқи, фарзандларига садоқатли, чексиз меҳрга тўла аёл – она тимсоли, ўғилу келинларнинг жасорати ҳозирги давр ёшлари учун катта ҳаётий сабоқ эканини ҳам эътиборга олишимиз керак. Бугунги синовли кунларда ҳам халқимизнинг шундай матонати, жасорати, беқиёс инсоний фазилатлари намоён бўлмоқда. Одамларимизнинг олийжаноблиги, саховатпешалиги, якдиллиги таҳсинга лойиқ.
Ҳозирги кун машаққатлари, коронавирус пандемияси гарчи дунёни ларзага солаётган бўлса-да, халқимизга хос сабр-бардош, бирдамлик уларни албатта енгади. Ахир биз азалдан балою офатларни баҳамжиҳатликда енгган муҳаббати улуғ, юраги кенг, орияти баланд халқмиз. Машъум уруш йиллари ўз ватани озодлиги, тинчлиги учун кўксини қалқон қилган, минглаб оч-яланғоч болалардан бурда нонини, ҳатто жонини аямаган ватандошлар авлодимиз. Демак, «тождор» вирусдек кўринмас ёв билан курашишга ҳам қудратимиз етади.
Кун келиб мана шу каҳрамонликлар ҳақида ҳам кучли фильмлар яратилиши, уларда ҳам қалбга яқинлик, миллий руҳ уфуриб туриши шубҳасиз.

Зеро, бу каби бадиий фильмлар ўзбек халқининг бемисл жасорати, матонати шу билан бирга олийжаноб хислатларини кўрсатиб беришда муҳим қадам бўлажак.

Ана шу жиҳати билан ҳам «Илҳақ»дек фильмлар одамлар қалбидан мустаҳкам ўрин олгай!"

 

Киритилди: 13:00 14.05.2020. Ўқилди: 5723 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!