Озарбойжон ҳарбий суди тан олинмаган Тоғли Қорабоғ ҳукуматининг собиқ раҳбари Рубен Варданянни 20 йилга озодликдан маҳрум қилди — Report.
Хабар берилишича, Рубен Варданянга Озарбойжон Жиноят кодексининг кўплаб моддалари, жумладан, терроризмни молиялаштириш, ноқонуний қуролли тузилмалар ташкил этиш, Озарбойжон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, қасддан одам ўлдириш, ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олиш, қонунчиликда кўзда тутилмаган қуролли тузилмалар ёки гуруҳларни ташкил этиш каби моддалар бўйича айбловлар қўйилган.
Озарбoйжон прокуратураси унга умрбод қамоқ жазосини сўраган эди.
Варданян барча айбловларни рад этди. Варданяннинг оиласи унинг аризасини эълон қилганди. Аризада унинг суд жараёнида содир бўлаётган воқеаларни тан олмаслиги ва сохта суд жараёнида иштирок этиш ниятида эмаслиги келтирилган.
Боку Тоғли Қорабоғни ўз назоратига қайтарганидан сўнг, 2023 йил сентябр ойида Озарбойжон Чегара хизмати Рубен Варданянни Арманистонга чиқиб кетишга уринган пайтда қўлга олганди. Шундан буён у Боку шаҳрида ҳибсда сақланмоқда.
Арманистонда туғилган Варданян Тоғли Қорабоғга кўчиб ўтишидан олдин Россияда бизнес билан шуғулланган. Унинг бойлиги 1 миллиард доллардан ортиқ деб баҳоланган.