Эрталаб бир ёш йигит телефон қилди, савол сўраб:
"Дунёда мусулмонлар очлик ва ночорликда қолган бир пайтда, биз кафе ва ресторанларда қимматбаҳо овқатлар еб, ўйин-кулгу қилиб юришимиз жоизми?".
Йигит (овозидан 16-25 ёшлар атрофида бўлса керак) саволни тугатиб, хўнграб йиғлаб юборди. То жавоб тугагунча бўлган суҳбат асносида ҳиққиллаб турди.
Мени йигитнинг саволи қийин аҳволга солган бўлса-да, ҳолатнинг бошқа жиҳати кўпроқ диққатимни жалб қилди. Ўсмир ёшда қалбнинг бу қадар юмшоқлиги, мўмин биродарига қайғуриш, ўзининг ишларига танқидий назар.. Қанчалар яхшиликлар мужассам, биз катталар ҳавас қиладиган.
Охирги марта биз қачон йиғладик?
Ночор ҳолатдаги диндошларимиз учун қайғурдикми?
Ўзимизни, ишларимизни тафтиш қилдикми?
Йигит билан гаплашиб бўлгач бир ҳадиси шариф ёдимга тушди:
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло етти тоифа инсонни Ўз (Арш)ининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Ўз (Арш)ининг соясида соялантиради: (Биринчиси) адолатли имом (бошлиқ); (иккинчиси) Раббисига тоатда улғайган йигит; (учинчиси) қалби масжидга боғланган киши; (тўртинчиси) Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрган икки киши. Улар ўзаро муҳаббатлашгани учун жамланади ва ажралади; (бешинчиси) обрў-эътиборли ва гўзал бир аёл ўзига чақирган вақтда: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши; (олтинчиси) ўнг қўли берган садақани чап қўли билмайдиган ҳолда махфий садақа қилувчи киши; (еттинчиси) Аллоҳни хилватда зикр қилиб, икки кўзидан ёш оққан инсон”, дедилар» (Бухорий ривояти).
Мубашшир Аҳмад,