Бугун 21 ноябрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Отанинг юбилейи қадриятми?

Отанинг юбилейи қадриятми?

Хонамга узоқ йиллар давлат бошқарув идораларида ишлаган танишим кириб келди. Айни вақтда ўзи яшаётган маҳаллада фуқаролар йиғини раиси экан.

- Юбилейга нечта кишини таклиф этиш мумкин? Шуни аниқлаб олишга келгандим, - деди у. - Маҳалламиздан бир йигит отасига юбилей қилиб бермоқчи экан. Қатнашчилар 50 кишидан зиёд бўлмасин десам, кўнмаяпти.

Столим устида ҳужжатлар сақланадиган жилддан Сенатнинг тўй-ҳашамларни ўтказишга оид тартиби ҳақидаги қарорни олгандим, танишим “Йигит бирга келган, ўзи ҳам эшитсин”, деб хонамдан чиқди ва ўзи билан пурим кийинган ўрта ёшлардаги кишини эргаштириб кирди.

Нигоҳида эътироз ифодаси балқиб турган ташрифчини саломлашиб, ўтиришга таклиф этарканман, маҳалла раиси кўпроқ эътибор қаратишига урғу бергандек, унга тушунтирган бўлдим.

- Мана, қарорда нима ёзилган: “Миллий анъналарга ёт оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомида ва ундан кейинги қўшимча расм-русмларни ўтказишга йўл қўйилмайди". Аниқ ёзиб қўйилган, шундайми? Тўй ўтказиш миллий анъанамизда бор. Бу никоҳ ва суннат тўйлари ва бу маросимларни бир кунда ўтказиш керак. Тўйдан олдин ўтказиладиган дабдабали фотиҳа тўйлар ёки кўпчилик қатнашадиган маслаҳат ошлари ёки тўйдан кейинги “чақирди” ва “тоғара юбориш”  каби ортиқча тадбирларни ўтказиш ман этилган. Энди “юбилей” масаласида мулоҳаза қилиб кўрайлик. Бу тадбир миллий анънамизда борми? Йўқ. Бор бўлганда ҳамма бу тадбирни ўтказган бўларди. Демак, сизда имконият бор ва уни ўтказмоқчисиз. Отангизни хурсанд қилмоқчисиз. Лекин бошқаларда бу имконият бўлмаслиги мумкин. Масалан, қўшнингиз бу тадбирни ўтказишга қўли калталик қилди, дейлик. Ўша қўшнининг фарзандлари ёки уларнинг отаси бундай юбилейлар ўтишидан хафа бўлмаса ҳам, ўкиниши аниқ.

Мен одамлар ўйлаб топган янги-янги урф-одатларни санаб бердим ва бундай янгиликлар кишилар турмушига қанчалар салбий таъсир этаётганини ҳаётий мисоллар билан тушунтирдим.

- Нечта фарзандсизлар? – сўрадим сўзларимни бўлмай тинглаган йигитдан. Айни вақтда унинг хонага киргандаги эътирозга тўла важоҳатидан асар ҳам қолмаганди.

- Уч ўғил, икки қиз.

Ҳамма ака-ука ва опа-сингилларингиз турмуши бир хил эмас. Юбилейнинг асосий харажатини кўтармоқчи бўлганингиз ташаббусингиздан кўриниб турибди. Тадбирда фарзандлар, албатта отага сарпо кийдиришади. Лекин отангизнинг барча фарзандлари, яъни ака-ука, опа ёки синглингизда  сиздаги имконият борми. Агар бўлмаса, уларнинг ҳолати қандай кечади? Шу ҳақда ҳам ўйлаб кўриш керак.

Учаламиз яна бироз суҳбатлашдик. Гап якунида тўй ва марсимларни тартибга солиш борасида қабул қилинган қарор жуда тўғри қабул қилинганини биз каби отасининг юбилейини ўтказишга бел боғлаган йигит ҳам тан олгани сезилиб турарди.

- Сиз айтганингиздек, ота-онамга яхшироқ санаторияга йўлланма олиб бераман. Ҳам даволаниб, ҳам дам олишиб келишсин.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ

Самарқанд шаҳар маънавият ва маърифат бўлими раҳбари

Manba: zarnews.uz

Киритилди: 05:45 17.03.2020. Ўқилди: 2563 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!