Ўзбекистон "Rowing&Сanoe" федерацияси спортчиси Холмуродов Шоҳмуроддан мусобақа даврида олинган допинг синамасида спортда тақиқланган "Кломифен" моддаси борлиги аниқланган.
Бу ҳақда Миллий антидопинг агентлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
"Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 2.1 қоидаси (Тақиқланган модда ёки унинг метаболитлари ва маркерлари спотрчи анализида мавжудлиги)ни бузганлиги сабабли Бутунжаҳон антидопинг кодексининг 10.2.1 бандига асосан спортчи 3 йил муддатга дисквалификация қилинди.
Маълумот учун айтиб ўтмоқчимиз, дисквалификация жазо муддатини ўтаётган шахс (спортчи, мураббий в.х.к) дисквалификация муддати тугаганга қадар халқаро ва миллий тоифадаги мусобақалар ва ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши тақиқланади. Агар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда ушбу шахсга умрбод дисквалификация муддати қўлланилиши мумкин. Шунингдек, кодексда спорт федерацияси ёки ассоциациясига нисбатан ҳам жазо чораси қўллаш мумкинлиги белгиланган", дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоиз, Шоҳмурод Холмуродов ўтган йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида Нурислом Тўхтасин ўғли билан биргаликда бронза медалини қўлга киритган эди.