Бугун 27 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

Орадан қарийб 8 йил ўтгач адолат қарор топди

Орадан қарийб 8 йил ўтгач адолат қарор топди

Ўзбекистон Республикаси Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар самараси ўлароқ, судлар томонидан адолатни қарор топтириш, ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судининг 2019 йил 9 декабрдаги ҳукми ҳам юқоридаги фикримизга яққол далил бўла олади.

Иматов Азамат жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, унга ЖКнинг 28,167-моддаси 2-қисми “в,г” бандлари, 228-моддаси 2-қисми “б” банди ва 228-моддаси 3-қисми билан айб эълон қилинган.

А.Иматов терговда ҳам, судда ҳам ўзининг айбсиз эканлигини таъкидлаб келган, аммо ишончсизлик сабабли у амнистия актига асосан жиноий жавобгарликдан қутилганига розилик бериб, тақдирга тан берган.

Жиноят ишлари бўйича Кегейли туман судининг 2011 йил 22 декабрдаги ажримига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2011 йил 05 декабрдаги амнистия тўғрисидаги Қарорига асосан жиноят иши ҳаракатдан тугатилган.

Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган том маънодаги тарихий ислоҳотлар ҳамда А.Иматов ўзи каби ноҳақ айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг реабилитация қилинганликларининг гувоҳи бўлиб, ҳақиқат қарор топишига ишониб, ҳимоячиси ёрдамида кассация шикояти билан судга мурожаат қилди. Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг кассация инстанциясида кўрилиб, 2019 йил 9 октябрдаги ажримига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги “Судлар томонидан амнистия актларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”16-сонли қарори талабларига амал қилинмаганлиги сабабли суд ажрими бекор қилиниб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судига юборилган.

Жиноят иши ҳужжатларидан маълум бўлишича, А.Иматов 2011 йил 8 август куни бошқа шахслар билан тил бириктириб, 1.467.000 сўмлик миқдордаги 5000 килограмм аммоний сульфат минерал ўғитини талон-тарож қилганликда, қалбаки ҳужжатлар тузган ҳолда ундан фойдаланиб, “Куаниш жарма” постига келганида, Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ЙҲХБ ходимлари томонидан ушбу юк машинаси ушланган.

Гарчи А.Иматов минерал ўғитини 1.467.000 сўмга сотиб олгани, пулларни филиал кассасига топширгани ва бунинг учун тўлов варақасига асосан шаҳобчадан минерал ўғитини олгани, ҳужжатларни қалбакилаштирмагани юзасидан важ келтириб, мазкур минерал ўғитини шоли экишдаги шериги Нукус туманидаги “Танба” фермер хўжалиги раҳбари Б.Даукараевнинг ерига ишлатмоқчи бўлгани ҳақида билдирган.

Иш ҳужжатларига кўра асосий далил бўлиб ҳисобланган аммоний сульфат минерал ўғити ҳамда 2011 йил 08 август кунги 247-сонли юк хатини бевосита далилни олиш билан боғлиқ бўлган процессуал ҳаракатни ўтказишга ваколатли мансабдор шахс томонидан олинмагани, далилни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилмагани, далилни олишда тергов жараёни ва натижаларининг қайд этилишига доир қонуннинг талабларига амал қилинмагани аниқланди.

Олий суд Пленумининг 2004 йил 24 сентябрдаги “Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарори (ушбу қарор 2018 йил 18 августда янги таҳрирда қабул қилинган) да суриштирув, тергов органлари ва судлар исбот қилиш жараёнида далилларнинг мақбуллиги тўғрисидаги масалани тўғри ҳал этиши, далил уни олиш билан боғлиқ процессуал ҳаракатни ўтказишга оид қоидалар ва тартибга риоя этилган ҳолда олинган бўлиши, далиллар мақбуллигига тааллуқли юқорида санаб ўтилган шартлардан бирортасига амал қилинмаса, далил номақбул деб топилиши белгиланган.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб, жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман судининг ҳукмига кўра Иматов Азамат ЖПКнинг83-моддаси 2-бандига асосан айбсиз деб топилиб, оқланди.

Оқлов - кўнгилларга ишонч, умид, шукроналик ва яшашга янги иштиёқ бағишлайдиган эзгу тамойилдир. А.Иматовнинг орадан саккиз йил ўтгач, айбсиз экани эътироф этилиши ҳам унинг оиласи, яқинлари кўнглига шундай эзгу туйғуларни олиб кирди.

Зеро, судларнинг вазифаси адолатни қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдан иборатдир.

                                                

 

Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди

Киритилди: 15:24 24.12.2019. Ўқилди: 2375 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!