Бугун 28 март, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

«Oqtepa Lavash» нинг Тошкентдаги барча филиаллари ёпилди (ВИДЕО)

«Oqtepa Lavash» нинг Тошкентдаги барча филиаллари ёпилди (ВИДЕО)

Овқатдан заҳарланиш ҳолатидан кейин «Oqtepa Lavash» Тошкентдаги 14та филиалларини ёпди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканалининг «Zamon» дастурида хабар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июндан 7 июнга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 29 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 8 нафар, шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 2 нафар бемор кўнгил айниши, қайт қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳарорати кўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Овқат токсикоинфекцияси», «Ўткир ичак касаллиги» ва «Ўткир диарея» бирламчи ташхиси билан шифохонага ётқизилди.

Мавжуд маълумотларга кўра, «Oqtepa Lavash»да товуқли сендвич истеъмол қилганларидан кейин заҳарланган кишилар сони 41тага етган.

«Беморларнинг ҳолати ўртача оғирликда деб баҳоланмоқда, оғир аҳволдаги беморлардан мурожаат тушмаган. Бир неча кун даволанганларидан сўнг, уларга рухсат берилади», - деди эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Нурмат Атабеков.

Шунингдек, мазкур ҳодисага «Oqtepa Lavash» директори Ҳаёт Ғуломов изоҳ берган.

«Бизнинг 10 йиллик фаолиятимизда бу кутилмаган ҳолат, филиалларга барча маҳсулотлар қайта ишланганидан кейин тайёр ҳолатда олиб келинади. Сергели ва Қўйлиқдаги бўлимларимизда содир бўлган ҳодисага келсак, бунга электр энергиясининг вақтинчалик ўчирилгани сабаб бўлган бўлиши мумкин. Аммо, аниқ сабаблар ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда шаҳар санитария-эпидемиология хизмати ходимлари томонидан ўтказилаётган текширувдан сўнг маълум бўлади. Лабораторияда текшириш учун маҳсулотларимизнинг намуналари олинган», - деган Ҳаёт Ғуломов.

У шунингдек, умумий овқатланиш шохобчаларининг ходимлари беморлар билан доимий алоқада бўлиб, уларга моддий ва маънавий тарафдан ёрдам кўрсатаётганларини қайд этган.

Киритилди: 13:14 08.06.2019. Ўқилди: 2621 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!