Апрел ойининг навбатдаги ҳафтаси АҚШда инфляция маълумотларининг эълон қилиниши ва янги геосиёсий можароларнинг авж олиши билан характерланди. Расмий маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда инфляция ҳолати март ойида ёмонлашишда давом этган ва йиллик кўрсаткич 0,3 фоизга кўтарилиб, 3,5 фоизни ташкил этган. Баъзи таҳлилчилар буни Яқин Шарқдаги можаролар кескинлашиши оқибатида ёқилғи нархи ошиши билан боғламоқда. Чунки энергия ресурслари инфляцияда катта таъсир кучига эга ҳисобланади. Эрон ва Исроил муносабатларидаги кескинликнинг ортиши ёнилғи бозорида юқори тебранувчанликни юзага келтирди. Дунёда бўлиб ўтаётган воқеа ва ҳодисаларни инобатга олган ҳолда бир қатор инвестицион компаниялар, хомашё трейдерлари ва энергия секторининг йирик вакиллари яқин келажакда нефт нархи ўсишини прогноз қилмоқда.
Jahon Insights канали экспертлари 8 апрелдан 12 апрелгача бўлган даврда Халқаро молия бозорида содир бўлган энг муҳим воқеаларни таҳлил қилиб чиқди.
АҚШ топ фонд бозорлари индекси:
500 та энг йирик компаниялардан таркиб топган S&P500 индекси 81 пунктга, Dow Jones индекси 921 пунктга, NASDAQ индекси эса 105 пунктга пасайди.
Асосий қимматбаҳо металлар:
Қимматбаҳо металларнинг барчаси ўсиш суръатини тақдим этди. Масалан, алюминий ва олтин мос равишда 29 доллар ва 14 долларга ўсган бўлса, кумуш ва мис 52 ва 8 сентга қимматлашди.
Нефт
Ҳафта давимида нефтнинг WTI маркаси 1,2 долларга, BRENT эса 72 сентга арзонлашди.
Валюталар
АҚШ валюта индекси турли ҳодисалар фонида кучайди. Натижада дунёнинг бир қатор бошқа валюталари ўз позицияларини йўқотди. Энг йирик қийматсизлашиш еврода содир бўлди ва бир ҳафта ичида 1,82 фоизга арзонлашди, лира ва рубл мос равишда 0,97 фоиз ва 0,80 фоизга, юан эса 0, 06 фоизга пасайди. Бироқ сўм охирги ҳафта 0,08 фоиз мустаҳкамланишга муваффақ бўлди.
Криптовалюта
Асосий криптолар тебранишни давом эттирмоқда. Ҳафта давомида Bitcoin 2,86 фоизга, Ethereum 6,22 фоизга пасайди.
Бозорлар ҳақида қисқача
Глобал тинчликка таҳдидлар кучаяётган бир пайтда АҚШда инфляцион фон ёмонлашиши давлат регуляторларини ноқулай ҳолатга қўйиб, баъзи ноаниқликларни вужудга келтирмоқда. Бир неча ой аввал мувозанатга эришилган барқарорлашув, охири кўринмаётган ва ўта кескинлашиб бораётган дунё можаролари сабабли узоқлашиб кетмоқда. Бозор иштирокчиларининг таҳлилига кўра, жорий йилнинг иккинчи ярмида ёқилғи нархи ўсишда давом этади. Йил бошида фоиз ставкасининг 7 маротаба туширилиши прогноз қилинган бўлса, ҳозирда бу 2 маротаба содир бўлиши ҳам шубҳа остида қоляпти. Чунки кундан кунга Федерал захира тизимида (ФЗТ) фоиз ставкасини туширмаслик керак деяётганлар сони ортиб бормоқда. Бундай ҳолатда барча бозор иштирокчиларига ниҳоятда огоҳ бўлиб, рискларни камайтириш тавсия қилинади.