51 ёшли машҳур гимнастка Оксана Чусовитина Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган 2028 йилги Олимпиадага тайёргарлиги ҳақида гапириб берди.
Чусовитина – 1992 йил Барселона Олимпиадасида Бирлашган жамоа таркибида олтин медаль олган. 2008 йил Пекинда Германия терма жамоаси сафида таянч сакрашда кумуш медалга эга чиққан. Ҳозирги пайтда у мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда. 2025 йил март ойида гимнастка Жаҳон кубоги босқичида таянч сакраш бўйича ғолиб бўлган.
– Ҳозирча бироз дам оляпман, тикланяпман, шу билан бирга ўз ишларим билан ҳам шуғулланяпман. Чунки мен директор бўлган мактабим бор. У ерда 160 нафар бола ўқийди ва машғулот олади, шу сабабли ишлар жуда кўп. Бу Олимпиадага тайёргарлик кўрмаяпман, дегани эмас – тайёргарлик кўряпман. Лекин буни кўпроқ ўз истагим, шахсий мақсадим сифатида қабул қиляпман.
Шунчаки ўзимни синаб кўрмоқчиман – бўладими ёки йўқ. Лекин бу ҳақда ортиқча бош қотирмаяпман. Машқ қиламан, аммо бўлмаса – бўлмади. Ҳаёт давом этаверади. Агар Олимпиадага йўлланма олсам, бу мен учун йўқимли бир бонус бўлади, холос.
– Сиз Осиё ўйинларида ҳакамлар қарорига эътироз билдирган эдингиз. Ҳозирда спортда, хусусан, баҳолашда сунъий интеллект қўлланилиши кўп муҳокама қилинмоқда. Сиз бунга тарафдормисиз ёки қарши?
– Биласизми, мен жаҳон чемпионатини кўрдим ва у ерда спортчиларни айнан сунъий интеллект баҳолади. Мени жуда ҳайратга солган жиҳати шу бўлдики, кўплаб гимнастларга улар бажарган мураккаблик даражаси инобатга олинмади. Аниқ кўриниб турибди – улар ҳаммасини тўлиқ бажаришган.
Менимча, сунъий интеллект спорт гимнастикасини жуда ҳам дастурлаштирилган, қолипга солинган ҳолатга олиб келяпти. Спортда инсон омили бор ва у маълум маънода спортчи фойдасига ишлаши керак. Айнан спорт гимнастикасида сунъий интеллектдан фойдаланишни мен маъқулламайман.
– Сиз жаҳон чемпионатига бормадингиз. Бу мусобақалар тақвими билан боғлиқ қарорми?
– Ҳа, боришдан воз кечдим. Чунки бу яна бир мусобақа, яна бир тайёргарлик цикли дегани. Шу билан бирга, бу жаҳон чемпионати менга Олимпиадага чиқиш учун на очко, на қўшимча имконият берарди. Шу сабабли кучимни бекорга сарфламасликка ва бу сафар иштирок этмасликка қарор қилдим. Энди эса, насиб қилса, келаси йилдан жиддий тайёргарликни бошлайман. 2027 йилда жаҳон чемпионатига йўлланма олсам, албатта бораман. Қисқаси, бу – фақат ўзимнинг қарорим.
– Илгари сиз аввалги каби қийин сакрашларни тиклашга уринётганингизни айтган эдингиз. Ҳозир бу борада ишлар қандай кетяпти? Ҳали-ҳануз «мен 20 ёшдагидай сакрай оламан» деган ўй келиб турадими?
– Ҳа, менда ҳали ҳам шу мақсад бор – олдин қилган сакрашларимни қайта тиклаш. Спортда доим бирор нарса халақит беради: баъзан кичик жароҳат, баъзан бошқа омиллар... Мен ҳам бундан мустасно эмасман. Режам шундайки, умид қиламанки, келаси йилдан соғлиғимга янада жиддийроқ эътибор қиламан ва олдин қандай қилган бўлсам, худди шундай даражага қайтишга ҳаракат қиламан.
Куч-қувватим бор, уни ҳис қиламан, шунинг учун катта тўсиқ кўрмаяпман. Эҳтимол, кўпроқ машқ қилиш, таянч сакрашга кўпроқ вақт ажратиш керакдир. Машғулот режамни қайта кўриб чиқаман, айрим кунлари залга кунига икки марта келиб шуғулланаман, – дея таъкидлади Чусовитина.