Ўзбекистон Республикаси Президенти “Оҳалик – Оқбўйро – Миронкўл” туристик-рекреацион зонаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Самарқанд туманида умумий майдони 1 697 гектар бўлган "Оҳалик", умумий майдони 414 гектар бўлган "Оқбўйро" ҳамда умумий майдони 2 545 гектар бўлган "Миронкўл" тоғ туризми лойиҳаларидан иборат бўлган "Оҳалик - Оқбўйро - Миронкўл" туристик-рекреацион зонаси ташкил этилади.
Бунинг учун Самарқанд тумани ҳокимлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида "Оҳалик - Оқбўйро - Миронкўл" туристик-рекреацион зонаси дирекцияси" фаолияти йўлга қўйилади.
Ушбу қарор билан "Оҳалик", "Оқбўйро", "Миронкўл" тоғ туризми лойиҳаси чегараларининг тавсифи;
"Оҳалик - Оқбўйро - Миронкўл" туристик-рекреацион зонаси ҳудудида туризм соҳасини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари дастури;
"Оҳалик - Оқбўйро - Миронкўл" туристик-рекреацион зонаси ва унга олиб борувчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Мазкур туристик зона фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилга ташкил қилинади.
2024 йил 1 августга қадар "Оҳалик", "Оқбўйро" ҳамда "Миронкўл" тоғ туризми лойиҳалари ҳудудлари замонавий экологик талаблар асосида тез қуриладиган модулли ва капсулали жойлаштириш воситалари, ўтов ва автокемпинг лагерларини барпо қилишга ихтисослаштириш орқали тақдим этиладиган хизматлар турини кенгайтириш;
тоғ туризми лойиҳалари ҳудудини ўзаро боғлвчи кемпинг лагерлари ва пикник зоналар мавжуд бўлиши имкониятини инобатга олган ҳолда туристик сўқмоқларнинг жойлашувини белгилаш;
тоғ туризми лойиҳалари ҳудудларини "зиплайн", "банжи-жампинг" ва "зорбинг" аттракционлари, канатли парк, дор йўллари, дельтаплан ва параплан ёки ҳаво шарида учиш каби экстремал туризм йўналиши фаолиятини ташкил қилишга ихтисослаштириш;
тоғ туризми лойиҳалари ҳудудидаги электр тармоқларини ер остидан ўтказиш ҳамда уларнинг ҳудудида махсус пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этиш;
тоғ туризми лойиҳалари ҳудудида ўрнатиладиган йўл кўрсаткичлари ва намунавий санитария-гигиена шохобчаларини жойлаштириш ҳамда чиқиндиларни ташлаш нуқталарини белгилаш;
сувенирлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси объектларини жойлаштириш ишлари амалга оширилади.