Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

"Оғзи-бурни қонга тўлди": Қаршидаги рейдда "Спарк" ҳайдовчисининг дўппослангани ростми? (видео)

"Оғзи-бурни қонга тўлди": Қаршидаги рейдда "Спарк" ҳайдовчисининг дўппослангани ростми? (видео)

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Қарши шаҳрида ҳайдовчи ва лицензия ходимлари ўртасида юз берган воқеа видеоси пайдо бўлгач, тез фурсатларда кўпчилик эътиборини тортди. Видеони тасвирга олувчи фуқаро фикрига кўра, воқеанинг асосий қаҳрамонлари бўлмиш лицензия ходимлари Spark ҳайдовчисини роса дўппослаган. Оғзи бурнини қонга тўлдириб, зўравонлик қилишган. Ходимлар иши ҳақида фикр билдирган фуқаро видео якунида лицензия ходимлари ҳайдовчини уришга ҳақлими деган саволни ўртага ташлайди.

Мазкур саволга жавоб излаган Дарё мухбири жамоатчиликка маълум бўлмаган ҳолатлар ҳақида хабар топди.

Аниқланишича, Қарши шаҳридан Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ ва Чироқчи туманларига йўловчи ташувчи автомобиллар бекати Қарши чойхонасидан Қарши Шаҳрисабз йўлининг 3-километрида жойлашган янги шоҳбекатга кўчирилгач, шу муносабат билан 10 апрель куни Қашқадарё транспорт бошқармаси ходимлари рейд ўтказган. Фақат транспорт бошқармаси ходимларининг ўзи. Мақсад ҳар доимгидек ноқонуний йўловчи ташувчи ҳайдовчиларни аниқлаб, тегишли тартибда чора кўриш ҳамда йўловчи ташиш қоидаларини тушунтиришдан иборат бўлган.

Автошоҳбекат кўчирилиши муносабати билан Қарши Шаҳрисабз йўлида рейд ўтказаётган ходимларимиз қора рангдаги давлат рақами 70 З 995 МА бўлган Spark ҳайдовчисига эски автотураргоҳдан йўловчи олиш мумкин эмаслигини, шоҳбекат янги манзилга кўчирилганини айтган, дейди воқеа устида бўлган Қашқадарё транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров. Бироқ ҳайдовчи шунча огоҳлантирилишига қарамасдан ўзбошимчалик билан тақиқланган ҳудуддан йўловчи олди. Табиийки, тартибга бўйсунмаган Spark ҳайдовчиси ходимларимиз томонидан тўхтатилиб, ҳужжат тақдим этиши сўралди. Бунга жавобан эса ҳайдовчи ходим устига машина ҳайдаб, лицензия ходимини машина капотида олиб қочди.

Улуғбек Эрназаров Дарё мухбири билан суҳбат давомида гапининг исботи сифатида ўша воқеа видеосини ҳам тақдим этди. Бизга тақдим этилган видеодан маълум бўлишича, 4 нафар лицензия ходими томонидан тўхтатилган Spark нинг олди ўриндиғида ҳақиқатдан ҳам йўловчи борлиги кўринади. Воқеалар ривожига кўра, лицензия ходимлари томонидан ҳужжат сўралгач, ҳайдовчи ҳужжат тақдим этиш ўрнига машина олдида турган ходимнинг устига машина ҳайдайди. Ва ходимни машина капотига олганча, ҳаракатини давом эттиради.

Қашқадарё вилоят ЙҲХБ матбуот хизмат раҳбари Жавлон Бахтиев Дарё мухбирининг транспорт бошқармаси ходимлари ЙПХ ходимларисиз рейд ўтказиб, ҳайдовчилардан ҳужжат сўрашга ҳақлими? деган саволига бундайин рейд ларда транспорт бошқармаси ходимлари билан бирга Йўл патруль хизмати ходимлари ҳам бўлиши лозимлигини билдирди.

Ходимимизни капотида олиб қочган Spark ортидан етиб олганимиздан кейин, ҳайдовчи машина рулига бошини уриб, Мени уришяпти дея бақира бошлади. Бақир-қачир ҳисобига тез орада одамлар тўпланди. Транспорт бошқармаси ходимлари ўша куни ҳеч кимга қўл кўтармади, деди Улуғбек Эрназаров.

Улуғбек Эрназаровнинг маълумот беришича, лицензия ходимини капотида сайр қилдирган Spark ҳайдовчиси қаршилик 1987 йил туғилган фуқаро С.О. бўлса, сайр қилдирилган лицензия ходими Жўрабек Жўраев бўлган.

Spark ҳайдовчиси С.О. Дарё мухбири билан суҳбат давомида транспорт бошқармаси ходимлари унга нисбатан қўпол муомалада бўлганлигини, ўзларини таништирмаганини ҳамда кўпчилик бўлиб унга куч ишлатилганини айтмоқда.

Ўша куни иш юзасидан Шаҳзод деган ўртоғим билан кетаётган эдим, дейди С.О. Кейин Шаҳзод дўконга кириб чиқди. Машинани ҳайдаётган пайтим лицензия ходимлари келишиб, ҳужжат сўрашди. Кимсиз, ўзингизни таништиринг , дедим. Ўзларини таништиришмади. Шунда улардан бири ўдағайлаб машина калитига ёпишди. Кейин булар ким экан деб қўрққанимдан машинани ҳайдаб кетдим. Ҳақиқатдан ҳам ходимлардан бири машина капотига чиқиб олганди. Кейин 100 метр юриб тўхтадим, улар ортимдан келиб кўпчилик бўлиб уриб ташлашди. Кейин мени урган ходимни давлат рақами 330 КАА бўлган автомобилда олиб кетишди.

Қашқадарё транспорт бошқармаси бошлиғининг сўзига кўра, лицензия ходимини капотида олиб қочиб, унга тан жароҳати етишига сабаб бўлган Spark ҳайдовчисининг хатти-ҳаракати ҳақида ўша куниёқ Қарши шаҳар ИИБ ва прокуратурага маълум қилинган.

10 апрель куни фуқаро С.О.нинг хатти-ҳаракати ҳақида ИИБ ва прокуратурага маълум қилдик, дейди Улуғбек Эрназаров. Аммо 12 апрель куни ҳайдовчининг қавм-қариндошлари келиб, С.О. ёшлик қилганини айтиб, узр сўрашди. Биз эса ҳайдовчининг ўзи кечирим сўраши лозимлигини айтдик.

Улуғбек Эрназаровнинг айтишича, агар фуқаро айбини тан олиб кечирим сўраса, бу ҳолат албатта тасвирга олиниб, интернетга жойлаштирилади. Яъни лицензия ходимлари ҳақ эканлигини исботлаш мақсади-да. Демакки, тез орада ижтимоий тармоқларда Spark ҳайдовчиси айбини тан олгани ҳақидаги видео ҳам чиқиб кетса, ажабланиш керак эмас.

Аниқланишича, ўша кунги воқеага ҳаддан ортиқ одам кўп тўплангани боис ҳам лицензия ходимлари Spark ҳайдовчисига нисбатан ҳеч қандай чора кўришолмаган.

Мутасаддилар гапидан маълум бўлишича, 1 майдан эътиборан Қарши шаҳридан Шаҳрисабз туман ва шаҳар, Китоб ва Яккабоғ туманларига йўловчи ташиш учун 10 та автобус қўйилади. Қамаши тумани учун эса 6 та автобус ҳаракатланиши режалаштирилган.

Чироқчи туманига айни кунда ҳам 6 та автобус қатнаяпти, дейди Улуғбек Эрназаров. Бундан ташқари жорий йилнинг ёз ойида Қарши шаҳрининг марказий кўчаларида йўловчи ташиш учун 30 та замонавий автобуслар келтирилиши мўлжалланган.

Киритилди: 14:28 13.04.2019. Ўқилди: 3334 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!