АҚШ президентлик сайловларига демократлар партиясидан номзод қилиб кўрсатилган Жо Байден сайловда ғалаба қозонди. Бу ҳақда АҚШнинг бир қатор йирик нашрлари ёзмоқда.
Узоқ йиллардан буён сайлов натижалари таҳлили билан шуғулланувчи Associated Press ҳисоб-китобига кўра, Байден Пенсильваниядаги ғалаба ҳисобига 284 та овоз олиб, ғолиб бўлди. АҚШ президентлигига сайланиш учун эса 270 та вакиллик овози етарли.
NBC ҳисоб-китобига кўра, Байден Пенсильваниядаги ғалаба ҳисобига 273 та овоз билан президентликка сайланган. Чунки Аризонадаги натижалар расман якунланмаган. CNN ҳам Байден сайловда ғолиб бўлганини эълон қилди. Трампнинг тарафдори бўлган Fox News ҳам Байден сайловда ғолиб бўлганини тасдиқлади. Бироқ Байденнинг ғалаба қозонгани расман эълон қилингани йўқ.