Норвегия бош вазир Йонас Гар Стёре мамлакат ҳукумати 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Verdens Gang (VG) нашри хабар берди.
Ҳукумат ҳозирда 13 ёшдан бошлаб ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга рухсат берадиган қонунни ўзгартирмоқчи. Шунингдек, расмийлар ижтимоий тармоқларга шахсий маълумотларни тўплаш ва қайта ишлашга рози бўлган фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш мажбуриятини юклаш бўйича тузатишни қабул қилиш ниятида.
Норвегия ҳукумати раҳбарининг маълум қилишича, бу «осон кураш» бўлмайди, аммо унинг сўзларига кўра, «болалар ижтимоий тармоқлардаги зарарли контентлардан ҳимояланиши керак». Стёренинг қўшимча қилишича, йирик технологик компаниялар «ёш болаларнинг мияси ривожланишига қарши».
Норвегия бош вазири бу ҳақида ижтимоий тармоқларда ёш чегарасини жорий этиш тарафдорлари бўлган Ставангердаги ота-оналар гуруҳи билан мулоқотда маълум қилган. VG’нинг ёзишича, 2023 йилнинг баҳорида гуруҳ вакили 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чекловчи петицияни ишга туширган — унга 11 мингдан ортиқ одам имзо чеккан.
Болалар ва оила ишлари бўйича вазир Керсти Топпенинг таъкидлашича, ота-оналар ўз фарзандлари ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши мумкинлигига рухсат беришлари мумкин.
Норвегия ОАВ бошқармаси тадқиқотларига кўра, мамлакатдаги аксарият болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш бўйича амалда мавжуд 13 ёшгача бўлган чекловга риоя қилмайди. 122 та мактабда ўқийдиган 3 мингдан ортиқ ўқувчи ўртасида ўтказилган сўров натижаларида келтирилишича, 9 ёшли болаларнинг 53 фоизи, 10 ёшлиларнинг 58 фоизи, 11 ёшли болаларнинг эса 72 фоизи ижтимоий тармоқлардан фойдаланади.