Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, дунё аҳолисининг учдан бир қисми табиий йод танқис бўлган шароитда яшайди. Ачинарлиси, уларнинг 30 фоиздан ортиғи — мактаб ёшидаги болалар.
❓ Хўш, бу масалага нима учун глобал муаммо сифатида қаралади?
➡️ Тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова шу ҳақда маълумот берди.
💬 — Инсон организмида йод моддаси камайиши эндемик буқоқ, ақлий заифлик, перинатал ва чақалоқлар ўлимининг кўпайишига олиб келиши мумкин, — дейди мутахассис.
🩺 — Бундан ташқари, ушбу элемент танқислиги туғма касалликлар даражасини оширади, ҳомила ва чақалоқларда миянинг қайтарилмас шикастланиши, интеллектуал салоҳият пасайишига сабаб бўлади.
🔎 Ҳозир бундай хасталиклар минтақамизда ҳам ўткир муаммога айланиб бормоқда. Чунки Марказий Осиё йод танқислиги оқибатида келиб чиқадиган патологиялар кенг тарқалган эндемик минтақалар сирасига киради.
🥦 Аслида, саломатлик учун зарур миқдордаги йодни турли денгиз маҳсулотлари истеъмоли орқали олса бўлади. Бироқ ҳудудимизда бундай егуликлар кам учрайди.
✅ Бу омил эса мамлакатимизда “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинишига асос бўлди. Мазкур ҳужжатда давлат стандарти талабларига мувофиқ, ош тузи таркибида йод миқдори тоннасига 40 грамм миқдорда бўлиши белгиланган.
📌 Сифатли ош тузининг қадоғида ишлаб чиқарган ташкилот ва маҳсулот номи, товар белгиси, унинг нави ҳамда янчилиш даражаси, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, йодлаш қўшимчаси номланиши ҳамда бошқа қатор маълумотлар акс этиши керак.
🌡 Ош тузларини 28 даражадан юқори бўлмаган ҳароратда сақлаш талаб этилади.
❌ Қотиб қолган, нам тортган, ҳидланган, яроқлилик муддати ўтган, қадоқлари бузилган ош тузларининг фойдали хусусиятлари йўқолган бўлади. Уларни истеъмол қилмаслик тавсия этилади.
📎 Эслатиб ўтамиз, ЖССТ организмдаги моддалар алмашинувини меъёрлаштириш учун кунлик йодланган ош тузи истеъмолини бир чой қошиқ — 5 граммдан оширмасликни тавсия қилади.