“ЖЧ-2018” гуруҳ босқичи 2-турида Нигерия Исландияни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратди. Бу эса, табиийки, Аргентина учун қулай вазиятни юзага келтирди.
Исландиянинг мағлубиятга учрагани Аргентина учун охирги турда яхшироқ имконият ҳосил қилди. Нигериянинг иккита гол ургани эса исландларнинг тўплар нисбатини –2 тага етказди. Аргентинада эса бу кўрсаткич –3 тага тенг. Демак, энди охирги турда Исландия Хорватияни мағлуб этган тақдирда ҳам Аргентина кейинги босқичга чиқиши мумкин. Аммо…
Аммо бунинг учун Месси ва унинг жамоадошлари бугун шердек ўйнаган Нигерияни мағлубиятга учратишига, имкон қадар йирикроқ ҳисобида енгишига тўғри келади. Ҳар ҳолда шунда Исландия Хорватияни минимал ҳисобда мағлуб этганда ҳам муаммо бўлмайди. Исландиянинг Хорватияни йирик ҳисобда енгишига эса ҳеч ким ишонмаса керак.
Лекин шуниси борки, сўнгги турда Нигерияни дуранг ҳам қаноатлантиради. Нигерия Аргентина билан дуранг ўйнаса, очколари сони тўрттага етади. Натижада охирги турда Исландия Хорватияни мағлуб этган тақдирда ҳам Нигерия кейинги босқичга йўл олади. Чунки ўзаро ўйинда Африка қитъаси вакиллари устун келишди.
Шундай экан, Нигерия учинчи турда бор имкониятини ишга солади. Бугунгидан-да кучлироқ Нигерияга айланади. Бу Нигерияни эса дарвоза чизиғИ ожиз, ҳимояси кучсизроқ Аргентина енга олармикин? Истаймизми, йўқми, охирги натижаларидан кейин Аргентинага ҳар қандай жамоани енга оладиган терма сифатида қарай олмаймиз.
Хуллас, охирги турда ҳамма нарса Нигерия ва Аргентина ўйинида ҳал бўлади. Кўрамиз, Хорхе Сампаоли тақдир қайтиб берган имкониятидан фойдалана олармикин?