Бугун 12 декабрь, 2024 йил, пайшанба

O'ZB

Нигерия Ливияга қарши ўйинни бойкот қилди

Нигерия Ливияга қарши ўйинни бойкот қилди

Нигерия миллий жамоаси Ливияга қарши ўтиши керак бўлган Африка миллатлар кубоги саралаши доирасидаги ўйинга бойкот эълон қилди.

Ушбу жамоалар 15 октябр, сешанба куни Ливиянинг Бенгази шаҳрида ўзаро майдонга тушиши керак эди. Аммо Нигерия миллий жамоаси жой олган самолёт якшанбадан душанбага ўтар кечаси Бенгазига қўнишдан олдин кутилмаганда Ал-Абрақ аэропортига йўналтирилди. Бу ўйин ўтиши керак бўлган стадиондан икки соатлик йўл узоқликда жойлашган. Виктор Осимҳен етакчилигидаги нигериялик футболчилар ушбу кичик аэропортда ҳеч қандай сабабсиз 12 соат давомида сув ва овқатсиз ушлаб турилган. Меҳмон жамоага ўйинга етиб олиш учун ҳаттоки транспорт ҳам ажратилмаган.

Нигерия футбол федерацияси душанба куни миллий жамоа учун автотранспорт ажратиш масаласида келишувга эришиб бўлгач, нигериялик футболчилар ҳурматсизлик ва сарсонгарчиликлар учун ўйинни бойкот қилиб, учрашувда майдонга тушмасликларини маълум қилган.

«Ливия ҳукумати Бенгазига қўнаётганимизда ҳеч қандай тушунтиришларсиз бизни ташландиқ аэропортга йўналтириб, 12 соатдан ортиқ вақт давомида ушлаб турди. У ерда алоқа воситаларисиз, егулик ва ичимликсиз қолиб кетдик. Бунинг ҳаммаси ўйин олди бизга руҳан ва жисмонан таъсир қилиш эди. Африкада бунақаси биринчи марта эмас ва бу шармандали ҳаракат. Ҳаттоки тунислик бўлган самолёт учувчиси ҳам илк бор бундай вазиятга тушганини айтди.

Нигерия ҳукуматига вазиятга аралашишни ва бизни қутқаришни айтдик. Жамоа билан келишган ҳолда ўйинда майдонга тушмайдиган бўлдик. CAF вазиятни ўрганиб, чора кўриши шарт. Бенгазигача автомобилларда йўл олиш қанчалик хавф эканини барчамиз яхши биламиз. Хатолар бўлади, аммо бу сафар вазият атайлаб уюштирилди. Бу ҳолатнинг футболга алоқаси йўқ», - дейди Нигерия миллий жамоаси сардори Уилям Трост-Эконг.

Маълумот учун, Нигерия миллий жамоаси ўтган ҳафтада Ливияни ўз майдонида қабул қилиб, 86-дақиқадаги гол эвазига мағлуб этганди. Ўша ўйиндан олдин ОАВда нигерияликлар Ливия миллий жамоасини Лагосдаги аэропортда ҳеч бир сабабсиз 3 соатдан кўпроқ вақт давомида ушлаб тургани хабар қилинганди. Ливияликларнинг бу ҳаракати бир ҳафта аввалги мана шу воқеага жавобан қилингани айтилмоқда.

Киритилди: 23:00 14.10.2024. Ўқилди: 1461 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!