Непалнинг шимолий ҳудудларида юз берган сув тошқини оқибатида 469 киши ҳалок бўлди.
Бу ҳақда Непал полицияси маълум қилди.
«469 кишининг жасади топилди, 1 545 киши жароҳатланган ҳолда қутқарилди», — дейилади ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг сўнгги ҳисоботида.
Ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Операцияга армия, Қуролли полиция кучлари ва Непал полициясининг жами 13 295 нафар ходими жалб қилинган. Қутқарувчилар вайроналарни тозалаб, одамларни тупроқ ва харобалар остидан олиб чиқмоқда.
Непал бош вазири Балендра Шаҳ вазият ҳамон мураккаблигича қолаётганини билдирди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат учун асосий устувор вазифалар одамларни қутқариш, бедарак йўқолганларни излаш, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва табиий офатдан зарар кўрган оилаларни қўллаб-қувватлашдан иборат.