Президент Шавкат Мирзиёев ёқилғи-энергетика тармоғидаги инвесторлар билан ўтказаётган мулоқотда нефт-газ соҳасида геология-қидирув ишлари, конлар самарадорлигини ошириш ва хомашёни чуқур қайта ишлаш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилгани қайд этилди. Ҳозирда Озарбайжоннинг «SOCAR» ва Буюк Британиянинг «British Petroleum» компаниялари билан Устюрт минтақасидаги 6 та инвестиция блокида қидирув ишлари олиб борилмоқда.
Хорижий ҳамкорларга таклиф этиш учун бошқа ҳудудларда яна 128 та блок тайёрланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу блокларда 5 трлн 800 млрд куб метр газ ва 560 млн тонна суюқ углеводород ресурслари мавжуд.
Ушбу имкониятларни ўзлаштиришда рақобат, шаффофлик ва иқтисодий самарадорлик асосий мезон бўлиши таъкидланган. Президент газдан фақат электр энергияси ишлаб чиқариш эмас, балки уни чуқур қайта ишлаб, кўпроқ қўшилган қиймат яратиш муҳимлигини таъкидлади.
Қашқадарёдаги синтетик суюқ ёқилғи мажмуасида йилига 1,5 млн тоннагача ёқилғи ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Бухоро вилоятида полиэтилен, полипропилен ва ПЕТ маҳсулотлари ишлаб чиқаришга қаратилган «МТО» лойиҳасини амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларини модернизация қилиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари янги технологияларга таянадиган, экологик талабларга жавоб берадиган ва иқтисодий жиҳатдан асосланган лойиҳалар бўйича инвесторларнинг таклифларини кутаётганини билдирди.