Ўзбекистон чемпиони “Насаф” аёллар жамоаси Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини муваффақиятли якунлаб, чоракфиналга йўлланма олди.
Қаршиликлар гуруҳ босқичидаги учта учрашувда иккита ғалаба қозониб, 6 очко жамғарди.
“Насаф” “C” гуруҳида Австралиянинг “Мелбурн Сити” ва Хитойнинг “Beijing Жингтан” жамоалари билан бир хил очко тўплади. Бироқ ўзаро учрашувлардаги устунлик эвазига гуруҳда биринчи ўринни эгаллади. Гуруҳдаги барча учрашувлар Қарши шаҳридаги “Марказий” стадионида ўтказилди.
Шу тариқа, “Насаф” гуруҳ ғолиби сифатида Осиё Чемпионлар Лигасининг чорак финал босқичига йўл олди. Шунингдек, “Мелбурн Сити” 2-ўрин билан, “Beijing Жингтан” эса энг яхши 3-ўрин эгаси сифатида плей-оффда ўз иштирокини давом эттиради.
Мусобақанинг чорак финал босқичи 27 ва 28 март кунлари ўтказилади ва 14 январь куни қуръа ташланади. “Насаф” учрашувни ўз майдонида ўтказади ва “Ҳвачеон” (Жанубий Корея), “Кобе Леонесса” (Япония), “Beijing Жингтан” (Хитой) ёки “Ист Бенгал” (Ҳиндистон) жамоаларидан бирига қарши баҳс олиб боради.
Аёллар Осиё Чемпионлар Лигасининг яримфинал ва финал учрашувлари май ойида бўлиб ўтади.