Бугун 6 октябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Наполеон Бонапартга тегишли иккита тўппонча аукционда 1,69 миллион еврога сотилди

Наполеон Бонапартга тегишли иккита тўппонча аукционда 1,69 миллион еврога сотилди

Франция императори Наполеон Бонапартга тегишли бўлган икки дона тўппонча Франция аукционида 1,69 миллион еврога сотилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.

Манбада айтилишича, тўппончалар император фавқулодда вазиятга тушиб қолганда ўз жонига қасд қилиши учун тайёрланган. Улар ўз вақтида Парижда жуда машҳур бўлган қурол ишлаб чиқарувчи Луи-Марин Госсет томонидан императорга совға қилинган.

Аукцион аввалида қуролларнинг қиймати 1,2 миллион евродан 1,5 миллион еврогача бўлишини тахмин қилинган. Бироқ тарихий ашёлар тахмин қилингандан кўра қимматроққа сотилган.

Аукцион 7 июль куни Фонтенблеу саройи яқинидаги Осенат аукционлар уйида бўлиб ўтган. Айнан шу бинода 1814 йилда тахтдан воз кечган Наполеон тўппончаларидан бири ёрдамида ўз жонига қасд қилишга уринган.

Аввалроқ Франция Маданият вазирлиги тўппончаларни миллий бойликлар қаторига киритиб, экспорт қилишни тақиқлаган эди. Ушбу қарордан сўнг тарихий ашёларни фақат мамлакат ичидаги аукционда сотиш мумкин бўлган.

Аукционда сотилган тўппончалар олтин ва кумуш билан безатилган. Уларнинг устки қисмига Наполеон Бонапартнинг тасвири ўйиб ишланган.

Наполеон Бонапарт ҳокимиятдан кетишидан олдин қуролларни ёрдамчиси, генерал Каленкурга берган. Унинг авлодлари эса тўппончаларни узоқ йиллар хонадонларида сақлаб келишган.

Аукционда қуроллар тўплам ҳолида бўлган. Тўпламга тўппончанинг асл қутиси ва турли аксессуарлар, жумладан, кукунли патрон ва турли хил порох таёқчалари ҳам киради.

Франция императори Наполеонга тегишли эсдалик буюмлари аукцион бозорида жуда катта талабга эга. Бир пайтлар император кийган трикорне шляпаларидан бири ўтган йилнинг ноябрь ойида 1,9 миллион еврога сотилган эди.

Киритилди: 10:26 08.07.2024. Ўқилди: 599 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!