Тилида саломи бор болани “бўладиган бола”, дейишади катталаримиз. Ўзбекнинг муқаддас каломи “Ассалому-алайкум”, тарбиянинг бир кўриниши бўлганлиги учундир. Демак, “Катталарга салом бериб ўрган, болам”, жумласи замирида ҳам хикмат мужассам.
Салим Ахмедов (исм-шарифлар ва жой номлари шартли) табиатан тез, жахлдор, кўнглига келганидан қолмайдиган бир феъл билан улғайди. Ота-онанинг қўйиб берган эркинлиги билан бу феъли эгаистликка айланди. У ўзини барчадан, хоҳишларини эса барча нарсадан устун қўядиган бола эди.
“Сени бу феълинг бир панд бермаса эди”, - деган хавотир хақиқатга айланди. Салим қаттиқ панд еди. Бир ўзи эмас, ота-онаси, яқинларининг юзи шувут, кўнгли андуҳда суд залига йиғилишган. “Ишқилиб қамалиб қолмасин...”
Йиғилганлар ҳам, қонун ҳимоячилари ҳам жиноятчиларнинг айблари қай даражада эканлигини ҳис этиб туришибди. Ахир бир инсон хаёти таҳликада, безорилик оқибатида шикаст еди. Хатто бу ўлим билан тугаши ҳам мумкин эди. Яхшиямки...Синглисининг шаънига ёмон гаплар айтилганини эшитган Салим, бу гаплар нима учун айтилганидан кўра, ким томонидан айтилганига қизиқди. Суриштирмай нетмай гумондорини топишга шошилди. Ҳатто, у билан яхшигина хисоб-китоб қилиши ҳақида хабар ҳам етказди.
У ўзининг тенгдоши Жамол Боқиевга дилидагини айтди.
— Орифнинг гавдаси, кучи бор. Бир ўзим эплолмайман, озгина қарашиб юборсанг бўлди. Бир гаплашиб келамиз.
Жамол ўртоғига йўқ дейишдан тортинди. Қолаверса у шунчаки гаплашиб келамиз, деган ўйга борганди.
Икки оғайни ишни туман марказидаги кафега кириб ўзларини сийлашдан бошлашди. Дастурхонларидаги спиртли ичимлик уларни гўё шерга айлантириб борар, тезроқ “ёв” томон боришга ошиқишарди.
Кечки соат 20.30лар чамаси кафедан чиқиб, шу алфозда Салимнинг отасига тегишли бўлган “Кобальт” автомашинасига ўтиришди ва компьютер ўйинлари биноси томон йўл солишди. “Компьютерхона”га етиб келишаркан, ўта қаттиқ тормоз овози атрофдагиларнинг ҳам эътиборини тортди.
Йигитлар машинадан тушишар экан, Жамол ўртоғининг қўлидаги пичоқни кўриб хушёр тортди.
— Нима, сен...
— Шунчаки, қўрқитиб қўямиз...
— Пичоқни ишлатсанг мен қўшилмайман!
— Эээ, юрсангчи...
Компьютер ўйинлари хонаси ертўлага жойлашган эди. Болалар ертўлага гўё бўрондек кириб боришди. Ориф бу холатни кутганди, чунки, улар машинада тормоз беришгандаёқ қўшни хонадаги ўртоғи унга қўнғироқ қилганди.
— Арслон қидириб келди сени, тадоригингни кўр, қўлида пичоғи бор!
Ориф вазиятни англаб, бир нохушлик юз беришини олдини олиш мақсадида хонанинг орқа эшигидан чиқиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аммо улгурмади. Қаршисида важоҳат билан уни ҳақоратлаб пайдо бўлган Салимнинг кўксига мушт солди. Салим гандираклаб бориб ўзини ўнглагунига қадар Жамол Орифга ташлана кетди. Хонада компьютер ўйнаб ўтирган бир йигит эса холатга аралашиб қолишдан ўзини олиб қочиб ташқарига отилди.
Салим шериги билан ёқалашаётган Орифга қараб ўқталди. Унинг қўлидаги пичоқ бир-икки мўнжал ололмай хавода қайтди. Аммо ҳар қандай ният, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон оёққа турдими маълум маънода амалга ошади.
Охирги пичоқ Орифнинг сонига бориб санчилди. Оғриқдан ингранган йигитнинг ожизлигидан фойдаланган “арслонлар” эса уни юзи-кўзи демай дўппослаб, уриб-тепишарди.
Ориф жисмонан бақувват бола эди. У шу дамда, шу холатда бўлса-да, айтиш жоиз бўлса, бир ёвузлик, ёмонлик қурбони бўлиб кетишдан қутулиб қолишни истарди. Оёқлари ўз қонига сирпаниб, оғриқдан тер боса бошлаган бўлса ҳам ташқарига отилиб чиқиб, рўпарадаги музқаймоқхонага ўзини урди. Аслида Ориф бу ҳаракати билан тенгдошларини ҳам оғир оқибатдан асраб қолганди холбуки. Аммо Салимнинг негадир алами чиқмагандай эди. Музқаймоқхона эгаси уни ичкарига қўймагач, яна подвалга тушди ва нархи 4.000.000 сўм бўлган телевизор, 7.000.000.сўмликдан бўлган икки дона компьютер жихозларига пичоқ билан шикаст етказиб, уриб, синдириб ерга отиб чиқиб кетди.
Ориф танасидаги жарохатлар яхши бўлиб кетгани, компьютерхона зарарлари қоплангани, бунақа ишлар йигитчиликда бўлиб туришлигини айтиб тенгдошларига давоси йўқлиги ва енгилроқ жазо берилишини сўради.
Салим ҳамда Жамолнинг эса ичидаги ўзига аён. Аммо кўзлари аччиқ надоматдан пирпирайди.
Суд йигитларнинг ёшлиги, оилавий шароити, аввал судланмаганлиги, айбини тан олиб турганлиги ҳамда қаттиқ пушаймонда эканлиги каби кўплаб инсонийлик принципларига таяниб, ишни ҳар томонлама ўрганиб ўз ҳукмини қўйидагича чиқарди:
Салим Аҳмедов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисмининг “а”, “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жамол Боқиев ҳам худди шу модданинг “б” банди билан айбли деб топилиб, унга ҳам озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Суд хукми ўқилди. Кимдир уввос тортди. Ким ичидан эзилди. Кимдир болалар увол бўлди деса бирови “одам бўлиб чиқади” деди.
Хулоса қилишдан аввал бир нарсани тахлил қилишни истадик. Одам бўлиш сири нимада асли?! Жазодами, комил тарбиядами?
Бир фикрга келдик. Албатта, тарбияда. Хўш, сиз нима деб ўйлайсиз ва юқоридаги холат, ёшгина “қамалиб кетган” йигитларга нисбатан қарашингиз қандай?
Қай бир маҳалла, оила, мактаб остонасидаги болаларнинг шундай тарбия топиб қолмасликлари йўлида бу каби холатлардан сабоқ сифатида фойдаланиш мумкин деб ўйлаймиз ва асл мақсадимиз ҳам нохуш ходисалар олдини олишга қаратилган.
Хотима ўрнида: Хар бир бола шу юрт фарзанди, демак сизнинг фарзандингиз. Унинг келажагига бефарқ бўлиш эса юртга хиёнатдир!
Дилмурод Мадаминов,
Наманган вилоят судининг судьяси