Мьянма ҳукумати Ракхайн штатидаги мусулмон роҳинжалар геноцидга учрагани ҳақидаги БМТ хулосасини рад этди. Бу ҳақда мамлакат президенти девонхонаси матбуот котиби Ю Зоу Хтай маълум қилди, дея хабар бермоқда The Global New Light Of Myanmar.
Унинг айтишича, ҳукумат БМТ миссиясининг Мьянма армияси геноцид, инсониятга қарши жиноятлар ва ҳарбий жиноятларга қўл ургани ҳақидаги фикрларига қўшилмайди.
“Биз миссия ходимларининг Мьянмага киришига рухсат бермаганмиз, шунинг учун Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашнинг ҳеч бир резолюциясига қўшилмаймиз”, – деди матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, БМТнинг Мьянмадаги инсон ҳуқуқлари бузилишини ўрганган миссияси мамлакатнинг ҳарбий етакчиларини мусулмон роҳинжаларни геноцид қилишда айблади. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси эса Хавфсизлик Кенгашини роҳинжалар қирғинига алоқадар шахсларга санкция қўллашга чақирди.
Manba: azon.uz