Устюрт платосида жойлашган “Мўйноқ” конида муҳим геологик натижага эришилди — 3-сонли излов қудуғидан саноат миқёсида табиий газ оқими олинди. Бу ҳақда "Ўзбекнефтгаз" АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, қудуқда бурғилаш ишлари жорий йилнинг 8 сентябрь куни “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” томонидан бошланган бўлиб, қуйи юра қатламлари 4 940 метр чуқурликкача бурғиланган.
Маълум қилинишича, уч сутка давомида маҳсулдор қатламнинг табиий хусусиятлари ўрганилган. Тадқиқотлар натижасида қудуқнинг кунлик дебити, қатлам босими ва бошқа асосий параметрлари аниқланмоқда.
Айни пайтда Мўйноқ майдонида яна икки қудуқда бурғилаш ва синов ишлари давом этмоқда. Мутахассислар тез орада ушбу қудуқлардан ҳам натижа олинишини кутмоқда.