Йўл қурилиши бўйича буюртма олиб беришни ваъда қилган шахс 50 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди. Йўл қурилиши ҳамда таъмирлаш фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият раҳбари Н.Ш. ўзганинг ишончига кириб, унга Тошкент – Бойсун автойўлини қуриш ва таъмирлаш лойиҳаси бўйича тендер ғолиби бўлган хорижий компаниянинг қиймати 500 минг АҚШ долларилик қурилиш ишларини бажариш бўйича буюртмасини олиб беришни ваъда қилади. Н.Ш. «хизмати» эвазига шу сумманинг 10 фоизи, яъни 50 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланган. Таъкидланишича, у муқаддам бир неча маротаба судланган, аммо ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқармаган. Ҳозирда Н.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.