Эрон Олий раҳбари Мужтабо Хоманаий АҚШ ва Исроил билан можаро ҳал этилмагунча омма олдида кўринмайди. Бу ҳақда ТАСС Эрондаги манбасига таяниб хабар берди.
Манбага кўра, мамлакат раҳбарияти вазият барқарорлашишини кутмоқда ва шундан кейин Мужтабо Хоманаий жамоатчилик олдида намоён бўлади.
Шунингдек, манба унинг биринчи халқаро мулоқоти Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбат ёки учрашув шаклида бўлиши мумкинлигини айтган.
Мужтабо Хоманаий жорий йил март ойида Эроннинг Олий раҳбари этиб сайланган. Унинг отаси Али Хоманаий аввал мазкур лавозимни эгаллаган, аммо 28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳужуми оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинган.
12 март куни Мужтабо Хоманаий ўзининг илк мурожаатини эълон қилган. У телевидение ва интернет нашрларида матн кўринишида тарқатилган бўлиб, у шахсан эфирда иштирок этмаган.
Хорижий оммавий ахборот воситалари Мужтабо Хоманаийнинг соғлиғи оғир аҳволда эканини маълум қилган эди. Эрон расмийлари эса у АҚШ ҳужуми вақтида жароҳат олганини тасдиқлаган, бироқ жароҳати енгил эканини билдирган.