Бугун 15 июнь, 2025 йил, якшанба

O'ZB

Муфтий Усмонхон Алимов нега отинойиларга мурожаат қилди?

A A A
Муфтий Усмонхон Алимов нега отинойиларга мурожаат қилди?

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари республикамиз отинойиларига мурожаат қилган. Мурожаатда жумладан, шундай дейилади:

«Ҳурматли отинойиларимиз!

Қуйида айрим отинойилар йўл қўяётган баъзи хатоликларни келтириб ўтсак:

Биринчи.  Баъзи отинойилар ўзининг етарли билими бўлмагани ҳолда диний расм-русумларга бошчилик қилиш билан бирга бидъат-хурофот ишларда ташаббускорлик ҳам кўрсатишяпти. Бу билан фақат ўзларини эмас, балки уларга эргашувчиларни ҳам залолатга бошлашмоқда. Мана шундан отинойиларимиз эҳтиёт бўлишлари керак…

Иккинчи. Баъзи отинойилар суҳбатларида фақат дўзах азоби, қабр ҳаёти ва Қиёмат даҳшати ёки жаҳаннам васфи ҳақида гапириб, қалбга ваҳима ёки ҳайрат соладилар. Аслида Яратганнинг муҳаббатига маърифат ва Ҳақ таоло рози бўладиган эзгу ишлар билан эришилади. Бу ҳақда тасаввуф олимаси Робия Адавия: "Жаннат орзуси ва дўзах азобидан қўрқув нажот воситаси бўла олмайди. Маърифат амалдан устун, Аллоҳни амаллар билан эмас, маърифат билан таниш муҳимдир", – деган эди.

Учинчи.  Айрим отинойилар динни осон қилиб етказиш  ўрнига амалларни мушкул қилиб изоҳлаш, қўрқитиш йўлини тутади. Аслида Ислом – енгиллик динидир! Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларга доимо енгиллик, осонлик истаганлар. Бир ҳадиси шарифларида: "Осонлаштиринг – қийинлаштирманг, қизиқтиринг – бездирманг" (Имом Бухорий ривоятлари) деганлар. Зеро, ояти каримада ҳам "Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди..." (Бақара сураси 286 оят) дейилган.

Тўртинчи. Фолбинлик каби улкан гуноҳ ишлар билан шуғулланадиганлар орасида отинойиликни даъво қиладиганлари ҳам борлиги кишини қаттиқ ранжитади.

Бешинчи. Кўп отинойилар диёримиз мусулмонлари ҳанафий мазҳабига риоя этишларини инобатга олмай, ўзлари турли адабиётлардан ўқиган ёки эшитган фикрларни гапириб, кишилар орасида ихтилофларни келтириб чиқаришмоқда…

…Отинойилар фақат билим тарқатувчигина эмас, балки ёшлар тарбияси учун масъул, одоб-ахлоқда эса ҳаммага ўрнак бўлишган. Шунингдек, Қуръони карим қироати, унинг тафсири, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган.

Улар ёшларга никоҳнинг илоҳий аҳдлиги, оиланинг муқаддаслигини уқтиришган ва ҳаётий мисоллар билан фарзандлар онгига сингдиришган. Зиё тарқатувчи, маърифатпарвар имом-хатиблар қанча эъзозда бўлсалар, отинойилар ҳам шунча ҳурмат қилинган.

Қадимдан отинойилар ҳалоллиги, тақвоси, меҳнаткашлиги, ҳаёси билан эл ҳурматини қозонишган. Ҳозирги отинойилар ҳам ана шулардан ибрат олишлари лозим!»

Шунингдек, муфтий ҳазратлари ҳозирги замон отинойисига зарур бўлган сифатлар ва муҳим вазифаларни кўрсатиб ўтган.

«Биринчи, отинойи Ислом дини моҳиятини тўлиқ тушуна билиши, мотуридий ақидаси, ҳанафий мазҳаби ҳақида мукаммал маълумотга эга бўлиши ва ўз фаолиятида буларни маҳкам тутиши, Қуръони каримни тажвид билан ўқий олиши жуда ҳам зарур.

Иккинчи, отинойилар халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етишни, дунёда кечаётган ўзгаришлар, юз бераётган нохуш воқеаларнинг асл сабабларини тўғри тушуниб, халқимизга тўғри етказа олишлари лозим.

Учинчи, аёллар ўртасидаги маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган, ҳанафий мазҳаби таълимотига зид бўлган ҳолатларга қарши туриш зарур. Хусусан, хотин-қизлар орасида учрайдиган фолбинга бориш каби бидъат-хурофотларга барҳам бериш йўлида отинойилар тинмай ташвиқот ишларини олиб боришлари бугунги кунда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тўртинчи, аҳоли орасида маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб боришда масжидлардаги имом-хатибларнинг алоҳида ўрни бор. Бугунги отинойилар имом-хатибларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари сифатида ана шу имом-хатибларимиз билан ҳар бир ишни маслаҳатлашган ҳолда ҳамжиҳатликда  фаолият олиб боришлари керак.

Бешинчи, мана шундай ишларни тўғри адо этишда отинойиларга Диний идора Фатво бўлими томонидан эълон қилинадиган жума тезислари жуда ҳам қўл келади. Ҳар ҳафталик жума мавъизаларини аввал ўзлари тўғри ўзлаштириб, кейин аёл-қизларга етказсалар, жуда ҳам тўғри ва мақсадга мувофиқ иш бўлади.

Олтинчи, “Жаҳолатга қарши маърифат” билан курашиш ишларининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, отинойилар  “Ислом нури” газетаси, “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналларига нафақат ўзлари обуна бўлишлари, балки бошқаларни ҳам обуна бўлишларига тарғиб этишлари жуда ҳам зарурдир. Ушбу нашрлардаги Қуръони карим тафсири, Ҳадиси шариф шарҳи, ақида, фиқҳга оид масалалар баёни ва ботил иддаоларга берилган асосли раддиялар иш фаолиятда ва Ислом маърифатини яхши билиб олиб, тўғри тушунтиришда жуда қўл келади.

Мен ишонаманки, муҳтарама отинойиларимизнинг иш тажрибалари, куч-қувватлари ва салоҳиятлари қўйилган вазифаларни ижро этишга етади, иншо Аллоҳ».

Киритилди: 12:55 17.12.2020. Ўқилди: 4650 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!