Бугун 16 апрель, 2024 йил, сешанба

O'ZB

Муфтий Нуриддин Холиқназаров президентнинг Саудияга ташрифи олдидан тилак билдирди

Муфтий Нуриддин Холиқназаров президентнинг Саудияга ташрифи олдидан тилак билдирди

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Шавкат Мирзиёевнинг Саудия Арабистонига давлат ташрифини “тарихий ва умидли” дея таърифлаб, ташриф давомидаги учрашувлар ва президентнинг Умра зиёрати юрт учун манфаатли бўлишини сўраб дуо қилди.

Давлат раҳбари 17-18 август кунлари Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга боради.

“Албатта, бу жуда ҳам тарихий ташриф. Сабаби 30 йил ичида биринчи марта президентимизнинг Саудия Арабистонига [давлат] ташрифи амалга ошмоқда”, – деди муфтий.

“Ташриф давомида давлатимиз раҳбари Саудия Арабистони подшоси, у ердаги мутасаддилар, жуда кўп ташкилотлар, Ислом тараққиёт банки ва бошқа ташкилот раҳбарлари билан учрашувлар қилади. Иншааллоҳ, мана шу учрашувлар орқасидан юртимизга жуда катта иқтисодий ривожланишга сабаб бўладиган ҳужжатлар имзоланади.

Ташрифнинг бизни қувонтираётган яна бир жиҳати – муҳтарам президентимиз Маккайи Мукаррама ва Мадинайи Мунавварада ҳам зиёратда бўлишликлари режага киритилган. Табиийки, бу ҳар бир мусулмон, мўминнинг қалбига хурсандчилик келтиради: юртнинг отаси – юртнинг раҳбари халқининг ҳаққига қиладиган ҳар бир дуоси мустажоб бўлади”, – деди Нуриддин Холиқназаров.

ЎзМИ раиси ташриф давомида Шавкат Мирзиёевга ҳамроҳлик қилишини таъкидлади.

“Аллоҳ таоло бу ташрифни юртимиз учун, келажагимиз учун, авлодимиз учун манфаатли қилсин. Ташриф давомида қилинадиган зиёратларни Аллоҳ қабул қилсин. Умра ибодатларини, дуоларини мустажоб қилсин. Юртимизга файз ва барокат берсин”, – дея тилак билдирди муфтий Нуриддин Холиқназаров.

Киритилди: 23:22 16.08.2022. Ўқилди: 3069 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!