Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрида электр таъминоти билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Ўзбекистондан вақтинчалик электр энергияси узатилмоқда.
«Da Afghanistan Breshna Sherkat» (DABS) маълум қилишича, Туркманистонда юзага келган техник носозлик туфайли Афғонистонга импорт қилинаётган электр энергияси етказиб беришда узилиш содир бўлган. Бу ҳолат мамлакатнинг еттита вилоятида электр таъминотига таъсир кўрсатган.
Муаммони қисқа муддатда бартараф этиш учун Афғонистон томони Ўзбекистон билан музокаралар ўтказган. Натижада Ўзбекистон зарар кўрган ҳудудларни муқобил электр энергияси билан таъминлашга ёрдам беришга розилик билдирган.
Шу асосда Мозори Шарифдаги электр тармоғи Ўзбекистон энергетика тизимига вақтинча ва чекланган ҳажмда уланган. Биринчи навбатда электр энергияси аҳоли учун муҳим бўлган объектлар — Ибн Сино шифохонаси, давлат муассасалари ва бошқа стратегик иншоотларга етказиб берилмоқда.
Афғонистон электр энергияси эҳтиёжининг асосий қисмини ташқи манбалар ҳисобидан қоплайди. Мамлакат истеъмол қиладиган электр энергиясининг тахминан 75–80 фоизи Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон ва Эрондан импорт қилинади.
Ўзбекистон Афғонистон учун электр энергиясининг муҳим етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Икки давлат 2026 йилда электр экспортини давом эттириш бўйича алоҳида шартнома ҳам имзолаган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Афғонистон энергетика инфратузилмасини ривожлантириш лойиҳаларида ҳам иштирок этмоқда. Жумладан, юқори кучланишли электр тармоқлари ва подстанциялар қуриш, мавжуд тизимни модернизация қилиш ҳамда мамлакат энергетика соҳасини ривожлантиришга мўлжалланган 15 йиллик дастурни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.